Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Исламов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкентда сайёр қабуллар бошлангани ҳақида хабар қилгандик.
28 апрелда бошланган сайёр қабулнинг илк кунида Тошкент шаҳридаги Сирғали, Янгиҳаёт, Яккасарой, Бектемир, 29 апрелда эса Чилонзор, Учтепа, Олмазор, Шайхонтоҳур туманларидаги ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди.
Бугун, 30 апрель – сайёр қабулнинг сўнгги кунида Яшнобод, Миробод, Юнусобод, Мирзо Улуғбек туманларидаги фуқаролар учун суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ўтказилди.

М.Улуғбек туманидаги Марказий Тошкент боғида ўтган сайёр қабулда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича фуқароларни Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов, Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидов ва фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судларнинг раислари ва судьялари жами 316 нафар фуқарони қабул қилишди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 116 таси жиноят ишлари бўйича, 178 таси фуқаролик ишлари бўйича, 20 таси маъмурий ишлар бўйича, 2 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этди.
Шундан, 262 нафар фуқаронинг оғзаки, 54 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.
Жами 316 та мурожаатлардан 103 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

159 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожаатлар қаноатлантирилди.
54 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
159 та мурожаат қуйидагича ижобий ҳал этилди:
- Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан 10 нафар,
- Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан 17 нафар – жами 27 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан 2 нафар шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди.
4 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар суд мажлисида кўрилиб, уларнинг аризаси қаноатлантирилиб, маъмурий жавобгарликдан озод қилинди.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан:
- 19 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш;
- 9 нафар шахсга нисбатан иш ҳақини ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди.
4 нафар шахсга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш бўйича аризаси қаноатлантирилди.
ФИБ судлар томонидан:
- 38 нафар шахсга нисбатан кредит қарздорлиги ундириш;
- 5 нафар шахсга нисбатан моддий ва маънавий зарар ундириш;
- 10 нафар шахсга нисбатан қарз ундириш;
- 6 нафар шахсга нисбатан таъминот ундириш;
- 1 нафар шахсга нисбатан фарзандликка олиш;
- 2 нафар шахсга нисбатан компенсация ундириш ҳақидаги даъво аризалар қаноатлантирилди.
ФИБ судлар томонидан тарафлар ярашганлиги ва даъвогар даъвосидан воз кечгани сабабли меросдан улушини ундириш ҳақидаги 2 та, никоҳдан ажратиш ҳақидаги 1 та, таъминот ундириш ҳақидаги 10 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилди.
Тарафлар ярашганлиги сабабли 4 та алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғи бекор қилинди.
ФИБ судлар томонидан ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 20 нафар вояга етмаган фарзанди бор 9 та оила яраштирилди.
Қабулда муаммолари ҳал бўлган 43 нафар фуқаро Президент номига ёзма ташаккурнома билдирди.