Тошкентда «New Port» турар жой мажмуаси қурувчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Яккасарой туманида фуқароларнинг уйи ноқонуний бузиб ташлангани ва тегишли рухсатномаларсиз кўп қаватли уйлар қурилгани ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 2 август куни ижтимоий тармоқларда Яккасарой тумани, Дамариқ маҳалласи, А. Қаҳҳор кўчасидаги 19-уйда яшовчи фуқароларга компенсация пуллари тўлиқ тўланмагани ва ушбу хонадон «New Port» турар жой мажмуаси мутасаддилари томонидан ноқонуний бузилаётгани акс этган видеолавҳа тарқалган эди.
Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Mega Logistics Servise» МЧЖ мансабдор шахслари мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари тўлиқ якунланмаганига қарамай, аҳоли хонадонини ўзбошимчалик билан бузиб ташлагани аниқланди.
Бундан ташқари, ушбу қурилиш ташкилоти томонидан тегишли рухсатномалар олинмасдан туриб, кўрсатилган ҳудудда 1 та 20 қаватли, 2 та 19 қаватли, 1 та 12 қаватли ва 1 та 2 қаватли турар жой бинолари ноқонуний равишда қурилгани маълум бўлди.
Текширув натижаларига кўра, «Mega Logistics Servise» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқа алоқадор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови алоҳида назоратга олинган бўлиб, якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
ЎзА