Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Мода ва тўқимачилик” кўргазмаси иш бошлади.
Кўргазма очилишида сўзга чиққанлар ушбу тадбир маҳаллий ва хорижлик тадбиркорлар фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва келгуси режалар учун кенг имкониятлар очиб беришга хизмат қилишини таъкидлади.
“Seys” компанияси бош менежери Музаффар Маъмуровнинг маълумот беришича, ушбу кўргазма бу гал тўртинчи бор ташкил этилмоқда. Унда Ўзбекистон, Хитой, Туркия каби давлатлар тўқимачилик соҳаси вакиллари ўз имкониятини намойиш этмоқда.
–Кўргазмани ташкил қилишдан мақсад мамлакатимиз тўқимачилик соҳаси ривожига ҳисса қўшишдир. Компаниямиз хорижлик ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиш ва айнан шу соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш йўлида қатор режалар белгилаб олган. Уч кунга мўлжалланган мазкур кўргазма бизнинг бу борадаги ишларимизга кенг йўл очиб беради, – деди М.Маъмуров.
“Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуининг биринчи ва иккинчи павильонларида асосан Хитой ва Туркия давлатларининг тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, миллий либослари тақдим этилмоқда. Улар орасида “Ал-Карам Қадри” гуруҳи маҳсулотлари ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола этилган. Иорданиялик тадбиркор Аҳмад Қадри раҳбарлик қилаётган ушбу компания томонидан яратилган миллий либослар Ўзбекистонда илк бор намойиш этилмоқда.
[gallery-15685]
–Биз Иордания миллий либосларини ишлаб чиқарувчи тўртинчи авлод вакилларимиз. Мен оилам билан ота-боболаримиз ишини давом эттиряпман. Биз яратган миллий либослар БАА, Туркия ва Хитой давлатларига ҳам етказиб берилади. Юртингизда ташкил этилган кўргазмадан умидимиз катта ва бу иштирокимиз ҳамкорлар топишга қулай фурсатдир, –деди Аҳмад Қадри.
Кўргазма доирасида иқтидорли дизайнерлар томонидан яратилган либослар бўйича модалар намойиши бўлиб ўтди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА