Тошкентда ММА бўйича Осиё чемпионати юқори савияда ўтмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида аралаш жанг санъати (ММА) бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳамда “Аичи–Нагоя–2026” ёзги Осиё ўйинларига саралаш баҳслари юқори савияда бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли мусобақа минтақада ММА спорт турининг оммалашуви ва ёш спортчилар маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Турнир доирасида жамоалар ўзаро куч синашиб, юқори спорт руҳи ва кескин рақобат муҳитида баҳс олиб бормоқда.
[gallery-29575]
Бугун мусобақа доирасида Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Осиё аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Президенти Гордон Танг бошчилигидаги делегация ва Ўзбекистон томони ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида ММА спорт турини минтақада янада ривожлантириш, халқаро мусобақаларни ташкил этиш сифатини ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашинувини кенгайтириш ва ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувларга эътибор қаратдилар.
Гордон Танг мусобақа юқори даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб, Осиё чемпионатида ёшлар ўртасида 6 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритган Ўзбекистон жамоасини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллагани билан самимий табриклади.
Осиё чемпионати баҳслари 25 майга қадар давом этади. Унда қитъанинг энг кучли спортчилари иштирок этиб, Осиё ўйинларига йўлланмалар учун кураш олиб бормоқда.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА