Бугун Тошкентда VIII Инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги – “InnoWeek-2025” ўз ишини бошлади. Тадбир Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан “Чегарасиз ғоялар” шиори остида ташкил этилган бўлиб, унда инновациялар соҳасидаги маҳаллий ва халқаро янгиликлар, ихтиролар, стартаплар, ишланма ва лойиҳалар тақдим этилади.
Ҳафталик доирасида йирик маҳаллий ва халқаро компаниялар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, венчур фондлар, молия ташкилотлари, халқаро маълумотлар базалари вакиллари иштирок этмоқда. Жумладан, Хитой, Малайзия, Сингапур, Япония, Корея, Венгрия, Германия, Франция, Нидерландия, Швеция, Ҳиндистон, Эрон, Кувайт, Беларусь, Арманистон, Грузия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Того (Африка) каби дунёнинг 30 га яқин давлатларидан жами 130 нафардан ортиқ вакил қатнашмоқда.
[gallery-25672]
Ҳафталик доирасида инновацион ишланмаларни намойиш этиш билан бирга илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш, халқаро миқёсда билим ва тажриба алмашиш, ҳамда стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб платформалар ташкил этилади. Шу билан бирга, илм-фан ва технологиялар соҳасида етакчи экспертлар, стартапчилар ва ёш инноваторлар ўз билим ва тажрибаларини бўлишади.
Тадбирнинг асосий воқеаларидан бири маҳаллий ва хорижий стартап лойиҳаларини тақдим этиш, инновацион маҳсулотларни бозорга чиқариш, ҳамда янги технологиялар ва ғояларни кенг жамоатчиликка танитишдир. Шунингдек, ҳафталик давомида халқаро форумлар, конференциялар, семинарлар, панель сессиялар ва кўплаб илмий-амалий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда “InnoWeek-2025” нафақат инновацион маҳсулотлар кўргазмаси, балки келажак технологияларини шакллантиришга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, стартапларни қўллаб-қувватлашга ва илм-фан соҳасидаги ёшларни рағбатлантиришга хизмат қилувчи мулоқот ва билим алмашинуви платформасига айланмоқда.
Тадбир доирасида “InnowomenWeek-2025” ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги илк марта ташкил этилади. Бу ташаббус инновациялар соҳасида аёлларнинг ролини кучайтириш ва уларнинг ғоя ва лойиҳаларини кенг жамоатчиликка тақдим этишга қаратилган.
Ҳафталик 11 октябрга қадар давом этади ва шу давр мобайнида инновацион ишланмалар, стартап лойиҳалар, илмий-амалий тадбирлар ва халқаро экспертлар билан учрашувлар ташкил этилади. “InnoWeek-2025” бутун инновацион экотизим учун нодир имконият яратади ва мамлакатимизни глобал илм-фан ва технологиялар майдонида янада танитишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА