Тошкентда Хитой халқаро техникуми ташкил этилади
Тошкент шаҳрида Хитой стандартлари асосида таълим берадиган, замонавий технологиялар ва сунъий интеллектга ихтисослашган янги халқаро техникум фаолияти йўлга қўйилади. Лойиҳа доирасида 5,1 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилади.
Ўзбекистонда касбий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, меҳнат бозори талабларига мос ва юқори малакали ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ана шундай истиқболли ташаббуслардан бири Тошкент шаҳрида Хитой халқаро техникумини ташкил этишдир.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги «Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Хитой халқаро техникуми Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги Республика телевидение ва радио техникуми негизида ташкил этилади. Янги техникум «China Oriental Education Holdings Limited» компанияси билан ҳамкорликда фаолият юритади. Таълим муассасаси Роҳат кўчаси, 29-уй манзилидаги мавжуд бино ва иншоотларда жойлаштирилади. Ушбу объектлар ёшларни касбга ўқитиш мақсадида 20 йил муддатга мақсадли ва текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.
Техникум нодавлат касбий таълим ташкилоти сифатида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади. Унинг муассислари сифатида «China Oriental Education Holdings Limited» компанияси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги белгиланади. Янги техникумни замонавий талаблар асосида ташкил этиш учун Хитой компанияси томонидан 5,1 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилади.
Инвестиция лойиҳасини бир йил давомида амалга ошириш режалаштирилган. Маблағлар мавжуд биноларни реконструкция қилиш, янги пўлат конструкцияли устахоналар қуриш, замонавий лаборатория ва ўқув жиҳозлари билан таъминлашга йўналтирилади. Бу ерда инвестициянинг аҳамияти фақат таълим биносини таъмирлаш ёки янги ускуналар харид қилиш билан чекланмайди. Лойиҳанинг асосий иқтисодий қиймати — меҳнат бозори учун замонавий технологияларни биладиган, ишлаб чиқариш жараёнларига мослашган кадрлар тайёрлаш тизимини яратишда.
Техникумда таълим кундузги, кечки ва дуал шаклларда, тўлов-контракт асосида ташкил этилади. Ўқувчилар умумий ўрта, ўрта махсус ҳамда бошланғич касбий таълим негизида қабул қилинади. Шу билан бирга, ишсиз ва банд бўлмаган, касб эгаллаш истагидаги ёшлар учун қисқа муддатли касбга ўқитиш курслари ҳам йўлга қўйилади. Иш берувчилар буюртмаси асосида ҳам қисқа муддатли касбий таълим дастурларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ўқувчиларга хорижий тиллар — хусусан, хитой ва инглиз тилларини ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Техникумнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — таълим жараёнини реал ишлаб чиқариш билан боғлашдир. Лойиҳа доирасида Хитойнинг BYD, Chery ва JAC каби йирик автомобилсозлик компанияларининг буюртмалари асосида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ҳамда ўқувчиларнинг ушбу корхоналарда амалиёт ўташини ташкил этиш режалаштирилган.
Бу ёндашув касбий таълимнинг энг муҳим муаммоларидан бири — таълим муассасасида олинган билим билан ишлаб чиқаришдаги реал талаб ўртасидаги тафовутни қисқартиришга хизмат қилади. Яъни ёшлар фақат назарий билим олибгина қолмай, келажакда ишлайдиган соҳасида амалий кўникмага ҳам эга бўлади.
Замонавий меҳнат бозорида рақамли кўникмаларга талаб йил сайин ортиб бормоқда. Шу сабабли янги техникум фаолиятида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор берилади. Ўқув жараёнига замонавий фанлар, инновацион ва илм-фанга асосланган технологиялар жорий этилади. Шунингдек, очиқ ахборот-таълим муҳитини шакллантириш мақсадида рақамли ечимлардан фойдаланилади.
Техникумда ўқув жараёнига оид маълумотлар «Касбий таълим жараёнларини бошқариш — EMIS PT» ахборот тизимига интеграция қилинади. Ўқитувчилар ҳам Хитойда малака оширади. Лойиҳа фақат ўқувчиларни тайёрлаш билан чекланмайди. Педагог кадрларнинг малакасини оширишга ҳам хорижий тажриба жалб қилинади.
Маҳаллий ўқитувчиларнинг Хитойнинг етакчи таълим муассасалари ва корхоналарида малака ошириши ҳамда стажировка ўташи ташкил этилади. Шунингдек, таълим жараёнига маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг малакали мутахассислари жалб қилинади. Бу эса касбий таълимда «ишлаб чиқариш — таълим — амалиёт» тамойилини кучайтириш имконини беради. Техникумда Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО)нинг 3–5-даражалари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун белгиланган тартибда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш лицензияси олинади ва таълим дастурлари давлат аккредитациясидан ўтказилади. Битирувчиларга Ўзбекистонда тан олинадиган касбий таълим дипломи берилади. Шунингдек, қўшимча квалификация ва компетенцияларни эгаллаш бўйича қисқа муддатли курсларни тамомлаганларга сертификатлар тақдим этилади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим мақсади — битирувчиларга хорижда тан олинадиган сертификат бериш амалиётини йўлга қўйиш. Халқаро техникум ташкил этилиши касбий таълим тизимидаги муҳим ўзгаришлардан бири бўлиши мумкин. Чунки замонавий иқтисодиётга фақат олий маълумотли мутахассислар эмас, балки аниқ касб ва технологияларни чуқур биладиган малакали техник кадрлар ҳам зарур. Айниқса, Ўзбекистонда автомобилсозлик, электротехника, машинасозлик, рақамли технологиялар ва бошқа юқори технологик тармоқлар ривожланаётган бир шароитда ўрта бўғин мутахассисларига талаб ортиб бормоқда. Шу маънода, Хитой тажрибаси асосида ташкил этилаётган техникум таълим муассасаси бўлиш билан бирга, меҳнат бозори ва ишлаб чиқариш ўртасидаги муҳим боғловчи бўғинга айланиши кутилмоқда.
Янги лойиҳани амалга ошириш муносабати билан Республика телевидение ва радио техникумига 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб янги ўқувчилар қабул қилинмайди. Айни вақтда ушбу техникумда таҳсил олаётган ўқувчилар учун амалдаги таълим дастурлари асосида ўқишини якунлашига зарур шароит яратилади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — хорижий инвестициянинг инсон капиталига йўналтирилаётгани. 5,1 миллион долларлик сармоя замонавий устахона ва лабораториялар, ўқув жиҳозлари, биноларни реконструкция қилиш, педагоглар малакасини ошириш ва таълим технологияларини янгилашга сарфланади. Натижада инвестиция нафақат таълим инфратузилмасини, балки инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади.
Техникумнинг узоқ муддатли самараси эса унинг қанча ўқувчи қабул қилиши билан эмас, балки битирувчиларнинг меҳнат бозорида қанчалик талабгир мутахассисга айланиши билан баҳоланади. Шу боис янги Хитой халқаро техникумининг асосий мезони — замонавий жиҳозлар эмас, балки иш берувчилар эҳтиёжига мос, халқаро стандартларни биладиган ва амалиётга тайёр кадрларни тайёрлаш самарадорлиги бўлади. Бу жиҳатдан лойиҳа Ўзбекистон касбий таълим тизимида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий инвестицияни таълим соҳасига жалб қилиш ва ёшларни юқори технологик тармоқларга тайёрлаш борасида муҳим қадамдир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА