Тошкентда Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди
Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий академиясининг йирик ижодий лойиҳаларидан бири – Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали старт олди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар вакиллари, таниқли рассомлар, ҳайкалтарошлар, халқ усталари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов сўзга чиқиб, мазкур лойиҳанинг аҳамиятига тўхталди. Қайд этилганидек, бундан бир неча йил аввал оддий санъат ҳафталиги сифатида бошланган ушбу ташаббус бугунги кунда нуфузли халқаро анжуман даражасига кўтарилди. Бу мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасига, ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий намунасидир.
[gallery-28861]
Беш кун давом этадиган фестиваль доирасида ёшлар тасвирий ва амалий санъатнинг 34 дан ортиқ йўналиши бўйича ўз маҳоратини намойиш этади. Тадбир нафақат маҳаллий ижодкорлар, балки Хитой, Корея Республикаси, Туркия, Франция, Руминия, Россия каби давлатлардан келган санъат намояндаларининг ижод намуналарини ҳам ўз ичига олган. Бу эса ўзаро тажриба алмашиш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Фестиваль дастуридан турли кўргазмалар, маҳорат дарслари, либослар намойиши, илмий-амалий анжуманлар ва давра суҳбатлари ўрин олган. Шунингдек, иштирокчилар Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари фаолияти, ёш ижодкорлар учун яратилган шароитлар ва соҳадаги сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўладилар.
Эътиборли жиҳати, Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали тадбирлари бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳам ўтказилмоқда.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири