Тошкентда “Биродар шаҳарлар ёшлари бағрикенглик фестивали” бўлиб ўтди
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Биродар шаҳарлар альянси ташаббуси ҳамда Қўмита ҳамкорлигида “Биродар шаҳарлар ёшлари бағрикенглик фестивали” бўлиб ўтди.
16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган фестивалда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўз мамлакатларининг бой маданий мероси, миллий урф-одатлари, анъаналари ва санъатини намойиш этувчи ранг-баранг бадиий чиқишлар билан иштирок этди.
Жумладан, миллий куй-қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари орқали ўз халқларининг ўзига хос маданияти ҳамда қадриятларини томошабинларга тақдим этди. Тадбир турли миллат ва элат вакиллари бўлган ёшларни ягона дўстлик ва ҳамжиҳатлик майдонида бирлаштириб, халқлар маданиятига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, миллатлараро тотувлик ва ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлашнинг ёрқин намунасига айланди. Ҳар бир чиқиш турли халқларнинг маданий ўзига хослигини намоён этиш билан бирга, уларни бирлаштирувчи эзгу қадриятлар – тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ғояларини ҳам ифода этди.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур фестивалнинг асосий мақсади Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш, турли мамлакатлар ёшлари орасида маданий мулоқот ва ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай маданий-маърифий тадбирлар халқ дипломатиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, бугун Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар нафақат таълим жараёнининг иштирокчилари, балки мамлакатимиз ва ўз юртлари ўртасидаги дўстлик кўприкларини мустаҳкамловчи, маданиятлараро мулоқотни ривожлантирувчи ёш элчилар ҳам. Уларнинг ўзаро мулоқоти, бир-бирининг урф-одат ва қадриятларига ҳурмат билан ёндашуви келгусида халқаро ҳамкорликнинг янги алоқаларига замин яратади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА