Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ:
а) молиявий секторни ривожлантириш орқали мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотининг қўшимча ўсиши таъминланади;
б) халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқий стандартларга асосланган, юқори ишонч даражасига эга юрисдикцияни яратиш орқали узоқ муддатли хорижий тўғридан-тўғри ва портфель инвестициялар жалб қилинади;
в) халқаро молия, ҳуқуқ ва технологиялар соҳаларида юқори маошли иш ўринлари яратилади ва инсон капитали ривожлантирилади;
г) мамлакатнинг кредит рейтинги оширилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро инвестициявий жозибадорлик рейтингларидаги мавқеи мустаҳкамланади;
д) Ўзбекистон Республикаси минтақавий молиявий марказга айлантирилади ва мамлакатнинг глобал молиявий тизимга интеграцияси таъминланади.
Фармонга мувофиқ, Тошкент халқаро молия маркази, марказ таркибида Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилади.
Марказ ҳудудида молиявий, инвестиция ва банк фаолияти, суғурта, рақамли (крипто) активлар, қимматли қоғозлар, тўлов тизимлари ва хизматлари, исломий ва яшил молия, молиявий технологиялар билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш ва транзакцияларни амалга ошириш, аудиторлик, консалтинг ва юридик хизматлар кўрсатиш ҳамда Марказ тўғрисидаги конституциявий қонунга мувофиқ бошқа фаолият турларини амалга оширишга рухсат берилади.
Фармон билан:
а) Тошкент халқаро молия марказининг асосий вазифалари;
б) Тошкент халқаро молия маркази кенгашининг таркиби;
в) Тошкент халқаро молия маркази бошқарув органлари ташкилий тузилмаси;
г) Тошкент халқаро молия маркази ҳудуди чегараларининг тавсифи тасдиқланди.
ЎзА