Тошкент халқаро молия маркази таркибида Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Тошкент халқаро молия маркази, марказ таркибида Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилади.
Тошкент халқаро тижорат суди:
а) биринчи инстанция ва апелляция судидан иборат бўлади;
б) қуйидаги низоларни кўриб чиқади:
Марказ ва Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолияти билан боғлиқ масалалар;
тарафлар Тошкент халқаро тижорат суди юрисдикциясини танлаган шартномалардан келиб чиқадиган низолар;
тарафлардан бири чет эл корхонаси, чет эл инвесторлари иштирокидаги корхона ёки чет эл инвестори - жисмоний шахслар бўлган маъмурий низолар;
тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра давлат божини тўлиқ тўлаш ва кейинчалик давлат органи ҳисобидан ундирмаслик шарти билан ҳар қандай маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, шу жумладан, иқтисодий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар;
халқаро арбитраж институтлари томонидан кўрилаётган арбитраж жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ҳисобланган арбитраж иши, ушбу низолардан келиб чиқадиган ёки улар билан боғлиқ масалалар.
Тошкент халқаро тижорат судининг қарорлари тарафлар учун мажбурий кучга эга ва Ўзбекистон Республикаси суд тизими судлари ҳужжатлари учун белгиланган тартибда ижро этилади.
ЎзА