Тошкент халқаро молия маркази — иқтисодиётда муҳим стратегик қадам
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда дастлаб “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур ҳужжат лойиҳаси бўйича депутат Даврон Арипов батафсил маълумот берди:
— Ушбу Конституциявий қонун лойиҳасида молия марказининг ҳуқуқий мақоми, фаолият тамойиллари, бошқарув тизими, ваколатлари, мақсад ва вазифалари ҳамда марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим аниқ белгиланган, — деди депутат. — Жумладан, марказ ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, мазкур Конституциявий қонунга ва молия марказининг қарорларига зид бўлмаган ҳолда Англия ва Уэльс ҳуқуқининг принциплари, қонунчилиги ва суд прецедентлари амал қилишига оид қоидалар ўз аксини топган.

Лойиҳани тайёрлашда дунёнинг етакчи молия марказлари — Дубай халқаро молия маркази (DIFC), Остона халқаро молия маркази (AIFC) ва Сингапур тажрибаси атрофлича ўрганилди. Қонун лойиҳаси билан Тошкент халқаро молия марказининг институционал тузилмаси белгиланмоқда.
Шунингдек, марказ маъмурияти, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат судининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда. Бундан ташқари, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси лицензиялаш, назорат қилиш ва таъсир чораларини қўллаш ваколатига эга бўлади. Тошкент халқаро тижорат суди эса марказ иштирокчилари ўртасидаги низоларни мустақил равишда кўриб чиқади.

Лойиҳада марказ иштирокчилари ва уларнинг ходимларига хорижий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш, чет эллик мутахассисларни ишга қабул қилиш, беш йилгача амал қиладиган махсус визалар олиш ҳуқуқи берилиши ҳам назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, марказ ҳудудида солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилиши белгиланган.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Конституция ва қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Конституциянинг 15-моддасига киритилаётган қўшимчага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона ҳуқуқий макон сақланган ҳолда, алоҳида ҳудудларда қонун асосида махсус ҳуқуқий режим ўрнатиш имконияти белгиланмоқда. Бош қомусимизнинг 131-моддасига киритилаётган қўшимча билан эса махсус ҳуқуқий режим амал қиладиган ҳудудларда ихтисослашган судлар ташкил этилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. 134-моддага киритилаётган ўзгартириш билан айрим махсус ҳолатларда суд юрисдикцияси ва суд ишларини юритиш тартиби қонун билан алоҳида белгиланиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.
Қонун лойиҳаси экспертлар, конституциявий ҳуқуқ соҳаси олимлари таклифлари асосида такомиллаштирилди, — деди Д.Арипов.
Муҳокамаларда депутатлар, фракциялар вакиллари лойиҳа бўйича ўз фикрларини билдирди. Ҳужжат мамлакатда рақобатбардош капитал бозорини ривожлантириш, инвестиция оқимини кенгайтириш, очиқ ва замонавий иқтисодий муҳитни шакллантириш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, Ўзбекистонни минтақавий молиявий хаб сифатида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА