Сув таъминоти яхшиланган майдонлар ҳажми 15 минг гектарга етди
Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Хоразм вилоятининг Шовот туманида сувдан фойдаланувчилар билан онлайн мулоқот ўтказди. Унда вилоят ва туман мутасаддилари, сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар, тадбиркорлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди.
Қайд этилишича, Шовот туманида 28,4 минг гектар суғориладиган экин майдонларига 185 километр каналлар, 1,1 минг километр ички суғориш тармоқлари, 709 километр коллекторлар ва 26 та насос станцияси орқали хизмат кўрсатилмоқда.
Сўнгги беш йилда туманда 31 та “Ақлли сув” тизими ҳамда 127 та мелиоратив кузатув қудуғига “Diver” қурилмалари ўрнатилди. Шунингдек, 17 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди.

30,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 21 та ирригация ва мелиорация объектида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада 15 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ва 21 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Ирригация тизимларининг фойдали иш коэффициенти эса 0,63 дан 0,66 гача оширилди.
Мулоқот давомида фермерлар томонидан билдирилган қатор мурожаатлар муҳокама қилинди. Хусусан, “Конгил-ёп” каналини бетонлаштириш, “Сомонли ёп” каналига гидротехник иншоот қуриш ҳамда “ГД-12” ички коллекторини қазиш бўйича таклифлар ижобий ҳал этилиши маълум қилинди. Мазкур лойиҳалар 2026 йилги давлат дастурига киритилган.
Шунингдек, жорий илда туманда 59 километр канал, 3 та гидротехника иншооти ва 3 та гидропостни таъмирлаш, 17 километр ирригация тармоқларини бетонлаштириш, 9 та сув хўжалиги объектига “Ақлли сув” тизимини ўрнатиш режалаштирилган.
Онлайн мулоқот чоғида 15 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА