Тошкент халқаро аэропортида божхона назоратида Хитой тажрибаси ўрганилмоқда
Тошкент халқаро аэропортида йўловчилар ва авиаюкларни божхона назоратидан ўтказиш жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида Хитойнинг илғор технология ва ёндашувлари муҳокама қилинди.
«Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплексида Божхона қўмитасининг Хитой Халқ Республикасидаги расмий вакили Комил Қодиров иштирокида видеомулоқот ўтказилди.
Унда Хитойнинг Пудун ва Дасин халқаро аэропортларида йўловчилар, багаж ва авиаюкларни божхона назоратидан ўтказишда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда божхона назорати самарадорлигини оширишда хавфларни олдиндан аниқлаш, мавжуд ресурсларни аниқ хавфларга йўналтириш ва замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

2026 йилнинг январь–июль ойларида Тошкент халқаро аэропорти орқали 41 минг 340 та авиарейс амалга оширилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 минг 120 тага ёки 5 фоизга кўп. Шу даврда аэропорт орқали 5,596 миллиондан ортиқ йўловчи ҳаракатланган. Йўловчилар оқими қарийб 820 минг нафар ёки 17 фоизга ошган. Аэропортда бир кунда ўртача 26 минг нафардан ортиқ йўловчи ҳаракатланмоқда. Уларнинг 5,556 миллиондан зиёди «яшил» йўлак орқали божхона назоратидан ўтган.

Бу кўрсаткичлар Тошкент халқаро аэропортида йўловчилар ва авиақатновлар ҳажми изчил ошиб бораётганини кўрсатади. Шунинг учун божхона назоратини тезкор, қулай ва бир вақтнинг ўзида самарали ташкил этиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Видеомулоқот давомида йўловчиларни хавф профиллари асосида олдиндан саралаш, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида рентген тасвирларини таҳлил қилиш, API/PNR маълумотларидан самарали фойдаланиш ҳамда электрон смарт-қулф технологияларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай ёндашувлар божхона назоратида хавфи юқори бўлган ҳолатларни олдиндан аниқлаш, назорат тадбирларини мақсадли ташкил этиш ва қонуний йўловчилар учун ортиқча вақт сарфини камайтириш имконини беради. Шунингдек, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш божхона ходимларининг иш самарадорлигини ошириш, маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ва назорат жараёнларини автоматлаштиришга хизмат қилади.

Мулоқот якунида тажриба алмашинувини янада кенгайтириш, Ўзбекистонга юборилаётган юклар ва йўловчилар бўйича маълумотларни олдиндан алмашиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда Тошкент халқаро аэропортида Хитой тажрибаси асосида пилот лойиҳаларни жорий этиш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА