Нурафшон шаҳрида Конституциямизнинг 28 йиллигига бағишлаб эълон қилинган “Йилнинг энг яхши нотариуси ва энг яхши нотариал идораси” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси томонидан ташкил этилган танловда туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган малакали нотариуслари қатнашди. Иштирокчилар ҳудудий босқичда 3 та шарт бўйича синовдан ўтказилди. Хусусан, биринчи шартда жойлардаги нотариал бинолар атрофи ободонлаштирилгани, санитари-гигиена қоидаларига риоя қилиниши, зарур техник жиҳозлар ҳамда пешлавҳалар жойлаштирилгани инобатга олинди.
- Шунингдек, иккинчи шартида нотариус ва унинг жамоасининг муомала маданияти баҳоланди, - дейди ҳудудий бошқарма бошлиғи, танлов ҳайъати раиси Зафарбек Турғунов. - Бунда "Сирли мижоз" тадбири орқали олинган маълумотлар ҳисобга олинди. Мазкур шартлардан ўтган нотариуслар тезкор савол-жавоблар орқали Конституция ва нотариат соҳасидаги қонунчилик бўйича билимларини намойиш этди.
Якуний натижаларга кўра, Зангиота туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Зулфия Османова биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди. Худди шу туманда фаолият юритувчи яна бир нотариус Умид Жалилов иккинчи ўринга муносиб деб топилган бўлса, Ўрта Чирчиқ туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи М.Мамирова учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Мазкур тадбирлар орқали жойларда аҳолига фаол хизмат кўрсатаётган соҳа мутахассисларининг қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш ва бу орқали аҳолига қулай хизмат кўрсатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Танловнинг ғолиб ва фаол иштирокчилари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
А. Мусаев, ЎзА