Тошкент вилоятидаги маданий мерос объектлари атрофлича ўрганилмоқда
Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш ҳамда меъморий ёдгорликларнинг сақланиш ҳолатини мунтазам назорат қилиш бугунги кунда давлат сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда ҳудудларда маданий мерос объектларини ўрганиш, уларнинг техник ва меъморий ҳолатини баҳолаш ишлари изчил давом этмоқда.
Маданий мерос агентлиги директори биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент вилоятидаги маданий мерос объектлари ва модернизм меъморчилиги намуналарининг сақланиш ҳолати ўрганилмоқда.
Мониторинг доирасида Паркент туманида жойлашган “Қуёш” гелиокомплекси илмий-тадқиқот институтида ўрганишлар олиб борилиб, объектнинг техник ва меъморий ҳолати кўздан кечирилди. Натижада мажмуанинг сақланиш даражаси қониқарли экани қайд этилди. Шу билан бирга, унинг айрим қисмларини реставрация қилиш юзасидан мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.
Маълумот учун, Паркент туманида жойлашган “Қуёш” гелиокомплекси 1981-1987 йилларда барпо этилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ Маданий мерос кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ҳамда давлат муҳофазасига олинган.
Айни пайтда Тошкент вилоятидаги маданий мерос объектларини ўрганиш ва назорат тадбирлари давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА