24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муҳим паллага кирди. Мазкур сиёсий тадбир халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Барча ҳудудларда бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам сайловга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бугунги кунда вилоят бўйича 963 та сайлов участкалари ташкил этилган.
Жойларда жисмоний ҳаракати чекланган сайловчилар имкониятини эътиборга олган ҳолда биноларга нишаб йўлаклари (пандус) барпо этилди. Шунингдек, вилоят бўйича 22 та сайлов участкаларида сайлов жараёнлари онлайн узатилиб боришга тайёрланди.
Сайлов участкаларида Марказий сайлов комиссиясининг қарори асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19)ни тарқалиши хавфини олдини олиш тўғрисида”ги йўриқнома асосида ишлар ташкил этилмоқда.
Комиссия аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳимоя ва профилактика воситаларидан фойдаланади.
Маълумки, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида, яъни 2021 йил 14 октябрдан бошланди ва сайловга уч кун қолганида тўхтатилади.
Сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади.
Тошкент вилоятидаги сайлов участкаларида барча шароитлар яратилиб, етарли сайлов бюллетенлари билан таъминланган. Хусусан, биринчи кун натижалари бўйича 243 та сайлов участкасида жами 625 нафар сайловчи ўзи танлаган номзодга муддатидан олдин овоз берди.
А.Мусаев, ЎзА