Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Уалид Фук Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф буюрди.
Меҳмонни комбинат бошқаруви раиси Абдулла Хурсандов кутиб олди. Учрашувда Франция ва комбинат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралардан сўнг элчи бошчилигидаги делегация “Қалмоққир” конига ташриф буюриб, унинг иш фаолияти ва мавжуд салоҳияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида томонлар келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашиб, ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди.
***
Тошкент вилоятидаги тиббиёт муассасаларининг 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда узлуксизликни таъминлаш мақсадида зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилди.

Айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги жами 266 та даволаш-профилактика муассасасининг барчасида иситиш тизимлари тўлиқ ишга туширилган. Маълумотларга кўра, 24 та муассаса марказлашган иссиқлик тизими, 219 таси газда ишлайдиган маҳаллий қозонхоналар, 39 таси эса кўмир ёқилғисида ишлайдиган қозонлар орқали иситилмоқда. Мавсумга пухта тайёргарлик кўриш доирасида 10 та тиббиёт муассасасида таъмирлаш ишлари бажарилди. Шундан 4 тасида мукаммал, 6 тасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 7 та ҳудуддаги тиббиёт муассасаларига 16 та янги иситиш қозони ўрнатилди. Қиш мавсуми учун 1 минг 876 тонна кўмир захираси жамғарилди.
Электр таъминотида узилишлар юзага келиши эҳтимолини инобатга олган ҳолда, тиббиёт муассасаларида мавжуд 157 та, умумий қуввати 6 минг 280 киловатт бўлган генераторларнинг барчаси ишчи ҳолатга келтирилди. Фавқулодда вазиятларда муассасалар фаолияти узлуксизлигини таъминлаш учун дизель ёқилғиси ва бензин захираси ҳам яратилди.
***
Таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири. Бу борада хорижий олий таълим муассасалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Шу мақсадда Туркиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Карабюк университети делегацияси Бекобод шаҳрида бўлди. Ташриф доирасида таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги таълим имкониятларини яратиш масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди.
Унда шаҳар таълим бўлими, 19 та умумтаълим мактаби ва 1-сон техникум вакиллари иштирок этди. Мулоқот давомида ўқувчи ва педагоглар алмашинувини ташкил этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, Erasmus+ дастурларида иштирок этиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда ёшларнинг Туркияда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Бекобод шаҳар 1-сон техникуми, шаҳар таълим бўлими ҳамда 16- ва 17-умумтаълим мактаблари билан халқаро ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
А.Мусаев,ЎзА