Кўзи ожизлар учун кутубхоналар янада қулай ва хавфсиз бўлади
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида кўзи ожиз китобхонлар учун инклюзив ва хавфсиз муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда китобхонликни юксалтириш йўлида бир-биридан эзгу ташаббуслар амалда ўз аксини кўрсатмоқда. Бунда ўнлаб лойиҳалар босқичма-босқич иш олиб борилмоқда. Бунда инклюзив китобхонликка ҳам эътибор борган сари кучайиб бормоқда. Хусусан, кўзи ожиз китобхонлар учун зарур шароитлар яратиш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай ислоҳотларнинг узвий давоми ўлароқ, “Инфолиб Ўзбекистон-2026” ХV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Республика марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонаси билан ҳамкорликда “Кўзи ожиз китобхон учун кутубхона қанчалик мустақил ва хавфсиз?” номли тақдимот ўтказилди.

-Тақдимотнинг мақсади кўзи ожиз ва заиф кўрувчи китобхонлар учун кутубхона хизматларининг қулайлиги, мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлаш, инклюзив ахборот-кутубхона муҳитини ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишда замонавий ёндашувларни кенг тарғиб этишган иборат, - дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари Н.Холдорова.
Тадбирда кўзи ожизлар махсус кутубхоналарининг ҳудудий раҳбарлари ҳам иштирок этди. Кўзи ожиз китобхонларнинг кутубхона биносида мустақил ҳаракатланиши, зарур ахборот ресурсларидан эркин фойдаланиши, Брайль ёзувидаги адабиётлар, аудио ва электрон ресурслар, махсус технологик воситалар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, кутубхона муҳитида жисмоний ва ахборот қулайлигини яратиш, фойдаланувчиларнинг шахсий мустақиллигини қўллаб-қувватлаш, ахборотдан тенг фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги мавжуд тажриба ва таклифлар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, мазкур тақдимот инклюзив кутубхона хизматларини такомиллаштириш, кутубхоналарни барча китобхонлар учун очиқ, қулай ва хавфсиз масканга айлантириш йўлида муҳим тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА