Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ангрен шаҳрининг Янгиобод ҳудудида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида ёшлар билан учрашув ўтказилди. Унда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ишга жойлашиш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда 100 тага яқин ёш ўзларини ўйлантираётган масалалар, таклиф ва ташаббусларини билдирди. Ҳар бир мурожаат алоҳида тингланиб, уларнинг ечими бўйича масъулларга топшириқлар берилди. Шундан сўнг бошқарма ва ташкилотларнинг кадрлар бўйича масъуллари ёшларнинг қизиқиши ва имкониятларига мос бўш иш ўринларини таклиф этди.

Натижада иш сўраб мурожаат қилган ёшларнинг деярли барчаси шу ернинг ўзида ишга жойлашиш учун ариза ёзди. Яна бир гуруҳ ёшлар касб-ҳунар ўрганиш ва ҳарбий хизматга йўналтирилди.
***
Бўстонлиқ туманида Президент Олимпиадаси дастуридан ўрин олган велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 100 нафарга яқин спортчи иштирок этган беллашувларда ўсмир қизлар ва ўсмирлар ўртасида 10 километр масофага жамоавий эстафета баҳслари ташкил этилди. Қизғин ва муросасиз кечган мусобақалар якунига кўра, Тошкент вилояти жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медалларга сазовор бўлди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Тошкент вилояти ва Жиззах вилояти жамоалари мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди. Ушбу натижа ҳудудда велоспортни ривожлантириш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг спорт маҳоратини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг самарасидир.
***
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши раиси Ж.Ашуров бошчилигидаги делегация Тошкент вилоятида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий соҳа объектлари ва маҳаллий Кенгашлар фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида меҳмонлар Зангиота зиёратгоҳи, Нурафшон шаҳридаги замонавий қурилиш объектлари, “Ватанпарвар” боғи, вазиятлар маркази, 103 хизмати ҳамда Халқ қабулхонаси фаолиятини кўздан кечирди. Шунингдек, Олмалиқ шаҳридаги “Қалмоққир” кони ва янги мис бойитиш фабрикаси, Чирчиқ шаҳридаги Маданият уйи, шаҳар Кенгаши фаолияти учун яратилган шароитлар ҳамда замонавий гастрономик кўча фаолияти билан танишилди.

Учрашув ва мулоқотларда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш, депутатлик назоратини кучайтириш, доимий комиссиялар ишини самарали ташкил этиш, шунингдек, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал қилишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бундай ташрифлар маҳаллий Кенгашлар ўртасида тажриба алмашиш, ҳудудларда ўзини оқлаган иш усулларини оммалаштириш, депутатлик фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА