Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятида “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Республика ва вилоят ишчи гуруҳлари ҳамкорлигида Янгийўл тумани ва шаҳрида 10 кун давом этган тадбирларда давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари ҳамда маҳалла аҳолиси иштирок этди.
Учрашувларда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ёт ғоялардан ҳимояланиш, миллий қадриятларни асраш ва ёшларда Ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Иштирокчилар саволларига мутахассислар жавоб бериб, тегишли тавсиялар берди.
***
Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида жойлашган Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг биринчи босқичи ўтказилди.

Беллашувда жамоалар ўзларининг зукколиги, ҳозиржавоблиги ва ижодий маҳоратини намоён этиб, томошабинларга кўтаринки кайфият улашди. Танлов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Тошкент тумани маданият бўлими ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари Фахрийлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.
Якунда ғолиблар аниқланиб, биринчи ўринни эгаллаган жамоа танловнинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритди.
***
Тошкент вилоятида аҳоли учун хавфсиз ва қулай яшаш шароитларини яратиш, кўп квартирали уй-жойларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлигини таъминлаш бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда. Вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан Чирчиқ шаҳридаги кўп квартирали турар жой биноларининг мавсумга тайёргарлик ҳолати ўрганилди.

Жараёнда муҳандислик-коммуникация тармоқлари, кириш йўлаклари, электр таъминоти, шунингдек, биноларнинг ташқи ва конструктив қисмлари кўздан кечирилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул бошқарув сервис компаниялари ва мутасадди ташкилотларга тегишли мажбурий кўрсатмалар берилди. Мазкур чора-тадбирлар қиш мавсумини беталафот ўтказиш, коммунал хизматлар сифатини ошириш ва уй-жой фондини сақлаш талабларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган.
А.Мусаев, ЎзА