Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўрта Чирчиқ туманида мебелчилик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда соҳани ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш масалалари муҳокама қилинди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни бирлаштириш ҳамда маҳсулотларни “Ўрта Чирчиқ мебели” ҳудудий бренди остида бозорга чиқариш ташаббуси илгари сурилди.
Келгусида 520 та хонадонни кооперация тизимига жалб этиш, 250 нафар норасмий банд аҳоли фаолиятини легаллаштириш ва 50 дан ортиқ янги савдо шохобчасини ташкил этиш режалаштирилган. Айни пайтда туманнинг Тинчлик, Қорасув, Файзобод ва Роватак маҳаллаларида мебелчилик йўналишида 374 та хонадон ҳамда 54 та ўрта ишлаб чиқариш субъекти фаолият юритмоқда. Соҳада 2 минг 800 га яқин фуқаронинг бандлиги таъминланган.

***
Тошкент вилояти прокурори А.Мирзаев аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш, аҳолини қийнаб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда қонуний ҳал этиш мақсадида қабул ўтказди.
Қабулда жами 11 нафар жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакиллари ўз мурожаатлари билан иштирок этди. Мурожаатлар кредит ва субсидия ажратиш, ер ва электр энергияси, тергов-суриштирув ҳаракатлари, уй-жой ва моддий ёрдам каби ижтимоий йўналишда ҳамда мулкий низолар ва бошқа масалаларни ташкил қилди.

Келиб тушган мурожаатлардан 2 таси жойида ижобий ҳал этилди, қолган 9 та мурожаатлар қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қилганлиги учун иш юритувига қабул қилинди.
***
Чирчиқ давлат педагогика университети битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда профессор-ўқитувчилар, ота-оналар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда битирувчилар иштирок этди.
Унда университетнинг “Ижтимоий иш” йўналишини тамомлаган 34 нафар талаба илк битирувчилар сифатида дипломларни қабул қилиб олди. Тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси вакиллари ҳам иштирок этиб, битирувчиларни самимий табриклади.

Сўзга чиққан мутасаддилар университет билан йўлга қўйилган ҳамкорлик изчил давом этишини, битирувчиларни иш билан таъминлаш ва уларни соҳа муассасаларига жалб этиш борасидаги амалий ҳамкорлик янада кенгайишини таъкидлади.
А.Мусаев,ЎзА