Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятида муҳим соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш, ривожланиш йўлларини белгилаш мақсадида кенг қамровли очиқ мулоқотлар ўтказилди. Уларда тадбиркорликдан суд-ҳуқуқ ва ижтимоий ҳимоягача бўлган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Президентимизнинг тадбиркорлар билан олтинчи очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида мурожаат ва таклифларни тизимли ўрганиш ва "Ўзбекистон-2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида белгиланган вазифалар ва уларни амалга ошириш чоралари кўриляпти.
Шу мақсадда Рақобат қўмитаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбарияти билан вилоятдаги тадбиркорлар, давлат харидлари буюртмачилари иштирокида суҳбат ташкил этилди. Унда тадбиркорлик субъектлари билан бевосита мулоқот қилиниб, бизнес юритиш жараёнида учрайдиган тўсиқлар, соғлом рақобат муҳитини таъминлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, давлат харидлари жараёнларида иштирокчилар сони ортиши натижасида соғлом рақобат муҳити таъминланиши хусусида батафсил тушунтиришлар берилди.
***
Тошкент вилояти судида суд-ҳуқуқ тизимидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, суд амалиётида учраётган долзарб масалалар юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди. Унга вилоят суди раиси Камолиддин Толлибаев раҳбарлик қилди. Онлайн алоқа режимида ташкил этилган тадбирда ҳудудда фаолият юритаётган адвокатлар, судьялар ҳамда суд тизими масъул ходимлари қатнашди.

Мулоқот давомида одил судловни таъминлаш, суд жараёнларида тарафларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд қарорларининг сифатини ошириш, шунингдек, суд ва адвокатура ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди. Қатнашчилар ҳам амалиётда учраётган айрим муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб, ўзаро тажриба алмашди. Хусусан, суд мажлисларини ташкил этиш, рақамлаштириш жараёнлари, мурожаатлар билан ишлаш ҳамда процессуал масалалар бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
***
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси вакиллари иштирокида Олмалиқ шаҳридаги маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбирда Олмалиқ шаҳар ҳокими Барҳаёт Мелиев ҳам иштирок этди.

Мулоқотда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар самарадорлигини ошириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда хизматлар сифатини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Олмалиқ шаҳар "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимот қилиниб, эришилган натижалар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, ижтимоий ходимлар ўз фаолияти давомида тўплаган тажрибалари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларини билдирди. Якунда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
А.Мусаев, ЎзА