Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти божхона бошқармасида ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ва профилактика масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Божхона қўмитаси, вилоят прокуратураси ва ИИББ масъул ходимлари иштирокидаги мулоқотда ашёларни тўғри қайд этиш ва сақлаш, шунингдек, профилактика ва коррупциянинг олдини олиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма тасарруфидаги таркибий тузилмалар томонидан 1 минг 265 та ҳолатда 34 миллиард 390,8 миллион сўмлик ноқонуний товарлар ушлаб қолинган. Шу билан бирга, 36 та ҳолатда 187 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ва 732 дона психотроп моддалар, 2,7 миллион қутидан ортиқ тамаки маҳсулотлари олиб кириш фош этилди.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ходимлар ўртасида ўз ишига масъулият билан ёндашиш кераклиги айтилди.


***
Аҳоли даромадларини ошириш мақсадида сувсиз шароитда парваришланадиган ўрдаклар олиб келинди. Жумладан, Қуйи Чирчиқ ва Оққўрғон туманларида ижтимоий реестрга киритилган ишсиз оилаларни амалий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир хонадон 50 тадан ўрдак билан бепул таъминланди.
Мазкур лойиҳа вилоят ҳокими ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Ушбу ўрдак тури Татаристондан олиб келинган бўлиб, ўртача 42 кун ичида етилиб, 2-2,2 килограммгача гўшт беради. Шунингдек, тухум маҳсулдорлиги ҳам юқори. Мутахассислар таъкидлашича, мазкур турдан олинадиган даромад маҳаллий ўрдакларга нисбатан қарийб 2 баробар юқори бўлади. Лойиҳанинг асосий мақсади ҳам аҳоли даромадларини ошириш ҳамда ўрдакнинг ушбу турини вилоятда кенг оммалаштиришдир.


***
Янгийўл шаҳар, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларидан умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ҳамда техникум талабалари иштирокида “Чирчиқ дала-ўқув полигони”да амалий ўқ отиш машғулоти ўтказилди.
Мақсад ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватан ҳимоясига тайёрлик кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, хавфсизлик ва интизом қоидаларига риоя қилиш маданиятини оширишга қаратилди. Тадбир давомида мутахассислар томонидан ўқ отиш қуролларидан хавфсиз фойдаланиш, нишонга аниқ отиш усуллари ҳамда ҳарбий тайёргарликнинг муҳим жиҳатлари ҳақида тушунчалар берилди.
Шу билан бирга, иштирокчиларга амалий машқлар орқали ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш имконияти яратилди.


А.Мусаев,ЎзА.