
Бош прокурор ўринбосари С.Самадов Тошкент вилоятида қурилишга оид давлат дастурлари ва бошқа долзарб топшириқлар ижросини ўрганилмоқда. Жумладан, Бўка туманидаги 5-сонли мактаб, 4-сонли МТТ ва 53-сонли мактабда бўлиб, пудратчи корхоналар томонидан якунланмаган ишларни қисқа муддатда якунлаш, сифатсиз ишларни бартараф этиш, ишчиларни расмий секторга ўтказиш орқали “яширин иқтисодиёт”ни олдини олиш бўйича топшириқлар берди.
Шунингдек, Бекобод шаҳри марказий канализация тизимини қуриш, Олмалиқ шаҳрида оқова тозалаш иншоотини қуриш объектларида бўлиб, ушбу лойиҳа ҳужжатларини ҳудудий штабда қайта ўрганиб, назорат органи томонидан қурилиш сифати устидан мониторинг тадбирларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
***
Ўрта Чирчиқ тумани Машъал маҳалласи Абай-Мамут 15-уйда яшовчи Юлдуз Илясовага “маҳалла еттилиги” тавсияси билан икки жамланма тикув машинаси ва икки жамланма тўғри чокли тикув машиналари имтиёзли кредит асосида берилди. Шунингдек, тадбиркорлигини ривожлантириш учун “маҳалла еттилиги” кўмагида бўш турган ҳудуддаги бинодан хона ҳам ажратилди ва 4 нафар маҳалладаги хотин-қизлар иш билан таъминланди. Айни кунларда тикувчилар маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатиб, даромадли бўлмоқда.

***
Ҳодимларни ишга тиклаш ҳамда иш ҳақларини ундириб бериш билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида ўтган йил давомида иш ҳақи ундириб бериш билан боғлиқ ҳужжатлар бўйича олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 3,2 миллиард сўм иш ҳақлари ундириб берилган.
Шунингдек, ҳудудий бўлимлар иш юритувидаги ишга тиклаш белгиланган ижро ишлари юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 77 нафар фуқаро ишга қайта тикланди ва уларга тўланмасдан қолган иш ҳақлари ундириб берилди. Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, фуқаро А.Нурумовга “CHINOZYO'LINDUSTRIYA” МЧЖдан 39 миллион сўм иш ҳақини ундириш белгиланган бўлиб, олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида иш ҳақи тўлиқ ундирилди. Бу борадаги мажбурий ижро ҳаракатлари давом этмоқда.

***
Тошкент вилояти ҳудудида табиий газ таъминотида энергия тежамкорликни йўлга қўйиш бўйича махсус штаб фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, 15 та бригада ташкил этилиб, 70 дан ортиқ “маҳалла газчиси”, 25 нафар пайвандчи ва йигирмадан зиёд махсус техникалар жалб қилинган.
Бригадалар томонидан жойларда газ тармоқлари тартибга келтирилиб, газ таъминотини икки босқичли тизимга ўтказиш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, штабда аҳолига энергия тежамкор газ ёндиргилари ҳақида маълумот ва тавсиялар берилиб, тежамкор “горелка”лар савдоси йўлга қўйилди.

***
Тошкент вилояти Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб oтувчи Чирчиқ дарёсининг муҳофаза минтақасида экологик назорат тадбирлари ўтказилди. Унда мазкур ҳудудга фуқаро Э.Я. томонидан қурилиш чиқиндиларини ташлаган ҳолат аниқланди. Ҳуқуқбузар билан тушунтириш ишлари ўтказилиб, қилмиши бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди ва жаримага тортилди.

А.Мусаев,ЎзА