Қутқарувчиларни тайёрлаш техникуми ташкил этилади
“Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузурида Қутқарувчиларни тайёрлаш техникумини ташкил этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
2026 йил 3 апрелдаги ПҚ–123-сон Президент қарорида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузурида Қутқарувчиларни тайёрлаш техникуми фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.
Қарорга кўра, Техникум фаолияти 2027/2028 ўқув йилидан йўлга қўйилади.
Техникумга умумий ўрта таълим ташкилотларининг битирувчилари белгиланган тартибда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади ҳамда ўқув жараёни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ташкил этилади.
2029 йилдан Техникумнинг касбий таълим йўналишларини тамомлаган битирувчилар таркибидан фавқулодда вазиятлар органлари учун кадрлар захираси шакллантирилади.
Қуйидагилар Техникумнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
– фавқулодда вазиятлар органларига касбий таълим йўналишлари бўйича замон талабларига жавоб берадиган, назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган қутқарувчиларни тайёрлаш;
– ўқув жараёнини симуляция, имитация ва виртуал лабораториялар (полигон)ни ташкил этиш орқали назария ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш ва бошқалар.
ЎзА