Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Фарҳод” чегара божхона пости орқали хорижий валюталарни олиб чиқишга бўлган уриниш фош қилинди.
Қўшни давлатга чиқиб кетаётган йўловчи божхона назоратидан ўтаётган вақтида ўз хатти-ҳаракатлари билан божхона ходимларининг эътиборини тортди. Йўловчи белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилди. Натижада фуқаро устидаги куртка чўнтакларидан оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда декларацияланмаган, 1 миллион 350 минг Россия рубли борлиги аниқланди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Психотроп моддаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш ойлиги” доирасида Қибрай тумани ИИБ ходимлари томонидан навбатдаги тадбир ўтказилди.
Унда Тошкент шаҳрида яшовчи 38 ёшли шахс Х.П. бошқарувидаги автомашина ўрнатилган тартибда кўздан кечирилган. Натижада машина юкхонасида сотуви чекланган, турли ном ва кўринишдаги 336 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси сақлаб келинаётгани аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***
Олмалиқ шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14-январь Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида Ватанпарварлик ойлигига старт берилди.
Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги ташаббуси билан Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар Ватанпарварлик ҳар бир инсоннинг маънавий асоси экани, Ватанимиз тақдири учун масъулият туйғуси оширишга бағишланган бу каби тадбирлар ёшлар учун алоҳида тарбиявий аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда Миллий армиямизда яратилган шароитлар, Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчиларга берилаётган имтиёзлар тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тадбирда ҳарбий оркестр жамоасининг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, фахрий қоровул взводи ҳамда қўл жанги жамоаларининг кўргазмали чиқишлари ўзгача шукуҳ бағишлади. Махсус қурол-аслаҳаларнинг кўргазмаси эса ёшларда катта таассуротлар уйғотди.

***
Бўстонлиқ туманида яна бир ГЕС ишга туширилди. Қуввати 1,63 МВт бўлган “Угам-2” кичик ГЕСини қуриш орқали йилига 13,04 миллион кВт соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш мақсад қилинган эди.
Хусусан, “Чорбоғ” МФЙ ҳудудидаги 3,1 гектар ер майдонида бунёд этилган мазкур ГЕСнинг умумий қиймати 7,3 миллион долларлик бўлиб, хитойликлар билан ҳамкорликда амалга оширилган. Ҳозиргача мазкур объект биноси ва сув чиқариш иншооти тўлиқ қуриб битказилиб, замонавий самарадор гидроагрегатлар ва автоматик бошқарув тизими ўрнатилди.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида ҳудуддаги “Чорбоғ”, “Хумсон”, “Угам” МФЙлардаги 5 мингта хонадон ҳамда туризм ва дам олиш масканлари узлуксиз, экологик тоза электр энергияси билан таъминланади. Йилига ўртача 3,9 миллион м3 газ ёки 5,9 минг тонна кўмир тежалишига эришилади.
***
Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган Туябўғиз сув омборида Механик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўн йилдан буён ташкил этиб келинаётган ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳридан жами 200 нафар турли ёш тоифасидаги спортчилар 2 ва 6 километр масофаларга ўтказилган беллашувларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.

Мусобақада айрим эшкак эшувчилар шахсий рекордларини ҳам янгилашга муваффақ бўлди. Ғолиблар қаторидан жой эгаллаган миллий терма жамоа аъзолари – 2 километр масофада Алишер Турдиев, 6 километрда Меҳрожбек Маматқулов ва аёллар ўртасида 2 ҳамда 6 километр масофаларида Анна Пракатен бўлди.

А.Мусаев, ЎзА.