Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди. Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят Кенгаши депутатлари, тегишли бошқарма ва ташкилот мутасаддилари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Кун тартибига киритилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича Тошкент вилояти ҳудудида бир мандатли сайлов округларини тузиш тўғрисида Марказий сайлов комиссиясига тақдимнома киритиш борасидаги масала кўриб чиқилди.

Хусусан, Сайлов кодексининг 88-моддасига 27 октябрь куни Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги депутатлик ўринлари сони вилоят аҳолиси сонидан келиб чиққан ҳолда 60 та этиб белгиланди.
Шундан сўнг, 2025–2027 йилларда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Янгийўл туманларини барқарор ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш, 2024–2025-йилларда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш бўйича қилинадиган ишлар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ўрта Чирчиқ туманида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида самарали лойиҳалар қилинади. Жумладан, тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан жами минг ўринли 5 та оилавий нодавлат боғча фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу орқали болаларни мактабгача таълим ташкилотлар билан қамровини 80 фоизга ошириш имконияти яратилади.
Сессияда депутатлар жойларда амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар борасида ўз фикрларини билдирди. Бундан ташқари, маблағ тақсимлаш, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, шунингдек, жорий йилнинг 6 ойи давомида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
А.Мусаев,ЎзА.