Тошкент вилоятида ҳам Наврўз байрами тантанали равишда нишонланмоқда. Шаҳару қишлоқларда, маҳаллаларда айём муносабати билан халқ сайиллари, лапару айтишувлар, спорт мусобақалари кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда.
Вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов байрам шодиёналарида иштирок этди. Хусусан, Юқори Чирчиқ туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қўл жанги бўйича ўтказилаётган спорт мусобақаларини томоша қилиб, қатнашчиларни Наврўз байрами билан табриклади. Уларнинг республика ва жаҳон мусобоқаларида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишига омад тилади.
Шунингдек, туман марказидаги Алишер Навоий майдонида байрам муносабати билан ташкил этилган концертда ҳам иштирок этиб, одамларнинг қувончига шерик бўлди.
Бу айём нафақат табиатнинг яшариш ифодаси, балки инсон руҳиятининг ҳам янгиланишидир. Айни пайтда барча туман ва шаҳарлардаги маҳаллаларда байрам сайли, кўнгилочар тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Қибрай туманида ҳам янгиланиш ва ёшариш байрами – Наврўзи олам кайфияти ҳукмрон.
Маҳаллаларда аҳолига байрам дастурхони тузалиб, сумалак ва ҳалим таомлари тортилди. Ҳудуддаги вилоят психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослаштирилган болалар уйида ҳам Наврўз байрами юқори кайфиятда ташкил этилди. Байрамда иштирок этган таниқли санъаткорлар имконияти чекланган болаларнинг қувончига шерик бўлди.
Ўрта Чирчиқ туманида "Наврўз" танталари маҳаллаларда кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Янги турмуш, Халқобод, Уйғур, Янгийўл, Қундузак, Чегара, Қўшдарё, Олтиўғил, Чуқуровул, Машъал, Гулистон, Кўкмўйин, Тошлоқ ва Галаботир маҳаллаларида дорбозларнинг чиқишлари, маданият бўлими хонандалари, ёшларнинг тайёрлаган куй-қўшиқлари аҳолига юқори кайфият бағишлади.
Айниқса, "Уйғур" маҳалла фуқаролар йиғинида 55 килограмм ош дамланиб, аҳолига тарқатилди. Шунингдек, байрам муносабати билан 140 минг сўмдан аҳоли учун арзонлаштирилган ун сотилди.
Шарқона янги йилда аҳоли тўкин дастурхон атрофида қишнинг совуқ кунлари ортда қолганини эсон-омонликда нишонламоқда.
А. Мусаев, ЎзА