Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов жорий йилнинг 30-октябрь — 7 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бокс бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида юқори натижаларга эришган вилоят спортчилари ва мураббийлар билан учрашди.
Тадбирда юқори натижалар кўрсатаётган вилоят ёш спортларини рағбатлантириш, жойларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун қулай шароит яратиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Ўзбекистон чемпионатида Тошкент вилоятидан жами 37 нафар чарм қўлқоп усталари иштирок этган. Улардан 13 нафари ғолиб ва совриндор бўлди. Хусусан, 3 нафар спортчи олтин, 4 нафари кумуш ва 6 нафари бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга муваффақ бўлди.
– Вилоят жамоасини шакллантиришда барча туман ва шаҳарларнинг маҳоратли ёш боксчилари саралаб олинди, – дейди Тошкент вилояти бокс федерацияси бўрим бошлиғи Озод Ҳасанов. – Айтиш лозимки, мамлакат чемпионатида қатнашиш учун талабгорлар ўртасидаги рақобат доим кучли бўлади. Боксчиларимиз мазкур турнирга тайёргарлик ва йиғин машғулотларини Олмалиқ шаҳрида карантин талабларига амал қилган ҳолда ўтказди. Уларнинг тинимсиз меҳнати ва ғалабага бўлган интилиши туфайли ушбу натижаларга эришдик. Айниқса, Абдумалик Халаков, Асадхўжа Муйддинхўжаев, Алиёр Норалиев, Санжар Турсунов сингари умидли боксчиларимиз рингда рақибларини енгиб, керакли натижаларни қўлга киритди.
Қайд этилганидек, вилоятда боксга оммалаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётган бўлиб, барча ҳудудларда фаолият ютитаётган махсус спорт мажмуаларига ёшлар қамраб олинган. Эътиборлиси, Тошкент вилоятидан Миллий терма жамоага 20 нафар спортчи жалб этилган. Келгусида, малакали бокс мактаблари тажрибаларини изчил ўрганиш, мураббийлар маҳоратини ошириш ва халқаро мусобақаларда юқори натижалар билан қатнашишига жиддий тайёргарлик кўришга эътибор қаратилади.
Тадбирда спортчилар ва мураббийларга вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари топширилди.
А. Мусаев, ЎзА