Тошкент ва Тбилиси: янги стратегик шериклик ортида қандай геосиёсий мантиқ бор?
Бугун халқаро муносабатда давлатнинг қудрати фақат иқтисодий кўрсаткич ёки ҳарбий имконият эмас, балки транспорт йўлаклари, логистика занжири ва минтақавий шерикликдаги ўрни билан ҳам баҳоланмоқда. Сўнгги йилларда Марказий Осиё ва Кавказ муносабати фаоллашуви айни жараённинг муҳим қисми сифатида намоён бўлмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 2-3 июль кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи нафақат икки мамлакат муносабати, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ҳамкорлик тарихида ҳам муҳим воқеа бўлди. Ташриф давомида стратегик шериклик муносабати ўрнатилди, ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди ва икки давлат алоқаларининг узоқ муддатли йўналишлари белгилаб олинди.
Мазкур ташрифнинг аҳамияти ва келгуси истиқболи ҳақида ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети таянч докторанти Муқаддас Хожимуродова билан суҳбатлашди.
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи тарихий воқеа сифатида қай даражада аҳамиятли?
– Аввало, бу ташриф икки мамлакат муносабатида кўп йиллик танаффусдан кейинги муҳим сиёсий воқеа, чунки Ўзбекистон раҳбари сўнгги 23 йил давомида Грузияга илк давлат ташрифини амалга оширди. Мазкур жиҳатнинг ўзиёқ воқеага алоҳида сиёсий мазмун бағишлайди. Зеро, кейинги йилларда мамлакатимиз ташқи сиёсатида қўшничилик, минтақавий ҳамкорлик ва янги иқтисодий шерикликни ривожлантириш устувор вазифага айланди. Грузияга давлат ташрифи айни сиёсатнинг мантиқий давомидир.
Ташриф давомида стратегик шериклик муносабатини ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланиши ўзаро муносабатни мутлақ янги босқичга олиб чиқди. Энди давлатларимиз фақат дипломатик алоқани сақлаб турадиган эмас, балки узоқ муддатли манфаат асосида ҳаракат қилувчи шериклардир.
Яна бир муҳим омил бор: Ўзбекистон ва Грузия ташқи сиёсатда ўхшаш ёндашувга эга. Ҳар икки давлат очиқ мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик ва кўп қиррали ташқи сиёсат тамойилига таянади. Шу боис мазкур ташрифни давлат раҳбарларининг расмий учрашуви эмас, балки янги стратегик шерикликка асос солган воқеа сифатида баҳолаш керак.
– Ташрифнинг энг муҳим амалий натижаси сифатида қайси қарорни кўрсатиш мумкин?
– Менимча, Тбилисида Ўзбекистон элчихонасини очиш тўғрисида қабул қилинган қарорни алоҳида таъкидлаш жоиз. Кўпчилик бу воқеани оддий дипломатик жараён сифатида қабул қилиши мумкин. Аслида бу қарорнинг аҳамияти жуда юқори, чунки ҳозирга қадар Грузия билан муносабат Озарбайжондаги дипломатик ваколатхонамиз орқали мувофиқлаштирилган.
Элчихона очилиши мавжуд алоқа муттасил ва институционал тус олишини таъминлайди. Яъни, дипломатик мулоқотни жадаллаштириш, сармоявий лойиҳаларини мувофиқлаштириш, бизнес доиралари ҳамкорлигини кенгайтириш ва фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш имкониятини сезиларли даражада оширади.
Энг муҳими, мазкур қарор Ўзбекистоннинг Кавказ минтақасига қизиқиши ортиб бораётгани ва Грузия мамлакатимиз ташқи сиёсатида тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади.
– Нима сабабдан Грузия Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга?
– Грузиянинг аҳамиятини тушуниш учун аввало географик жойлашувига эътибор қаратиш лозим. Бугунги кунда мазкур мамлакат Кавказ ва Қора денгиз ўртасидаги муҳим транспорт тугунига айланиб, нафақат Жанубий Кавказ, балки Европа ва Осиёни боғловчи муҳим бўғин вазифасини бажармоқда.
Бугун жаҳонда рақобат кўпроқ транспорт йўлаклари ва логистика занжири атрофида кечмоқда. Халқаро савдо йўли марказида жойлашган давлатнинг иқтисодий ва сиёсий аҳамияти юқори. Грузия айнан шундай мамлакат.
Ўзбекистон учун бу масала жуда долзарб. Зеро, мамлакатимиз денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга эмас. Демак, ташқи бозорга чиқиш учун ишончли ва самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Грузиянинг Поти ва Батуми портлари Ўзбекистон маҳсулотларини Европа ва бошқа минтақалар бозорига етказишда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода Грузия мамлакатимиз учун шунчаки шерик давлат эмас, балки ташқи иқтисодий стратегия занжирининг муҳим халқасидир.
Ҳозир АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия, Хитой ва Россия каби йирик геосиёсий кучлар ҳам Грузия билан муносабатга алоҳида аҳамият бермоқда. Яъни, ушбу давлатнинг халқаро майдондаги стратегик аҳамияти жуда юқори. Тошкент ва Тбилиси муносабати янги босқичга чиқиши ўзгарувчан геосиёсий муҳитда узоқни кўзлаб қабул қилинган қарор сифатида баҳоланади.
– “Ўрта йўлак” лойиҳаси ўзаро муносабатда қандай ўрин тутади?
– Менимча, ташрифнинг яна бир муҳим стратегик жиҳати айнан транспорт ва логистика соҳасидаги келишув билан боғлиқ. Қолаверса, замонавий дунёда транспорт йўлаклари тараққиётнинг асосий шартига айланмоқда.
Ташриф давомида томонлар Грузиянинг транспорт имкониятидан янада самарали фойдаланиш, Боку – Тбилиси – Карс темир йўли салоҳиятини кенгайтириб, келажакда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли билан боғлаш истиқболини муҳокама қилди.
Бу лойиҳаларнинг аҳамиятини фақат икки давлат доирасида баҳолаб бўлмайди. Гап Марказий Осиёни Кавказ ва Қора денгиз орқали Европа билан боғлайдиган улкан транспорт тармоғи ҳақида кетмоқда. Агар ушбу ташаббуслар тўлиқ амалга ошса, минтақа давлатлари учун янги иқтисодий имконият пайдо бўлади, ташқи савдо ҳажми ортади ва логистика харажати камаяди.
Айниқса, сўнгги йилларда халқаро экспертлар кўп гапираётган “Ўрта йўлак”нинг аҳамияти тобора ортмоқда. Ушбу йўналиш Хитойдан Европагача энг қисқа ва истиқболли йўлак сифатида баҳоланмоқда. Грузия эса мазкур йўлакнинг муҳим бўлаги. Шу боис Тошкент ва Тбилиси ҳамкорлиги фақат икки давлат манфаати билан чекланмайди, балки бутун Евросиё маконидаги иқтисодий жараёнга таъсир кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи икки мамлакат муносабатидаги навбатдаги дипломатик тадбир эмас, балки Марказий Осиё ва Кавказни ўзаро яқинлаштиришга қаратилган узоқ муддатли стратегик қадам бўлди, дейиш мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА