Маҳкумлар инсонпарварлик далолатномалари қўлланилмаётгани бўйича Омбудсманга мурожаат қилди.
Омбудсман эса Ички ишлар вазирлиги ва Олий судга ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан сўров хати киритди.
Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларнинг Омбудсманга мурожаатлари сони кўпайди. Бу мазкур тузилманинг жазони ижро этиш муассасаларида тез-тез бўлиб, маҳкумлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича ишларни йўлга қўйганидан кейин кузатилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) “ишонч телефони”га Тошкент вилоятидаги 43, 50 ҳамда Самарқанд вилоятидаги 38-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган бир гуруҳ маҳкумлар мурожаат қилган.
Унда маҳкумлар озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазонинг белгиланган қисми ўталган бўлишига қарамай, уларга нисбатан инсонпарварлик далолатномаси қўлланилмаётганини баён қилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ахборот хизмати хабарига кўра, мурожаатлар Омбудсман томонидан ўрганилиб, Ички ишлар вазирлиги ва Олий судга ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан сўров хати киритилиб, ижроси назоратга олинган.
Натижада Жиноят ишлари бўйича тегишли судларнинг ажрими билан 48 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди.
3 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли равишда озод этишга ва 2 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.
Қолган 8 нафар маҳкумнинг интизомий жазоси мавжуд бўлгани сабабли инсонпарварлик далолатномаси қўлланилиши рад этилган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 73, 74, 89-моддаларида жазони ўташда муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш тартиби белгиланган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар, жумладан, гауптвахта, интизомий қисм, тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш колониялари ва мажбурий даволаш муассасаларида сақланаётган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари Омбудсманга “1096” қисқа рақамли “ишонч телефони” орқали мурожаат қилиши мумкин.
Тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ушбу муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қутилари”га мурожаатларини ташлаш имконига эга. Мазкур қутилар фақат Омбудсман ходимлари томонидан очилади.
Жазо ўтаётган шахсларнинг яқин қариндошлари эса Омбудсманга info_ombudsman.uzb@umail.uz электрон почтаси орқали мурожаат йўллаши мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА