Тошкент ва Ереван ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар қайта тикланди
“Uzbekistan Airports” матбуот хизматининг хабар беришича, 2 июнь куни Тошкент халқаро аэропортида Арманистоннинг Shirak Avia авиакомпанияси томонидан амалга оширилган Ереван — Тошкент йўналишидаги илк мунтазам рейс тантанали равишда кутиб олинди. Шу тариқа Ўзбекистон ва Арманистон пойтахтлари ўртасида сўнгги ўн йилликлардан кейин яна тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилди.
Маълум қилинишича, Еревандан учиб келган биринчи рейс билан Тошкентга 127 нафар йўловчи етиб келган. Авиация анъаналарига мувофиқ, самолёт сув аркаси остида кутиб олинди, экипаж аъзоларига эса гуллар тақдим этилди.
Шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида Тошкент — Ереван йўналишидаги биринчи рейс йўловчиларини рўйхатдан ўтказиш маросими ҳам ташкил этилди. Илк рейс билан Арманистон пойтахтига 177 нафар йўловчи жўнаб кетди.
Янги авиайўналиш икки мамлакат ўртасидаги туризм, бизнес алоқалари ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Парвозлар Boeing 737 русумидаги самолётларда ҳафтасига бир марта амалга оширилади. Ушбу йўналиш очилгунига қадар Ўзбекистон ва Арманистон ўртасида сафар қилувчи йўловчилар Москва, Истанбул, Тбилиси ва бошқа шаҳарлар орқали транзит рейслардан фойдаланишга мажбур эди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Ереван ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи илк бор 2017 йилда Ўзбекистон ва Арманистон ҳукуматлари раҳбарлари учрашувида муҳокама қилинган эди. 2026 йил май ойидан эса мазкур йўналиш бўйича мунтазам парвозларни йўлга қўйиш режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди.
2019 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Shirak Avia авиакомпанияси Еревандаги Звартноц халқаро аэропорти базасида ишлайди ҳамда қатор халқаро йўналишларда хизмат кўрсатади. Компания авиапарки Boeing 737 туркумига мансуб самолётлардан ташкил топган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА