Халқ депутатлари Тошкент тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва кун тартибидаги масала юзасидан танқидий-таҳлилий нутқ сўзлади.
Хусусан, туманнинг иқтисодий салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Жорий йилнинг 1-июль ҳолатига кўра туманда мавжуд 4 минг 508 та кичик тадбиркорлик субъектидан 43,7 фоизи ўз фаолиятини тўхтатган. Бироқ, бу рақамлар ошкор этилмаган, туман газетасида, ҳокимлик веб-сайтида очиқ ёритилмаган.

Вилоят ҳокими тумандаги ижтимоий соҳадаги муаммоларга тўхталар экан, мактаб ишини ташкил этишда маҳаллий ҳокимликнинг ўрни сезилмаётганига эътибор қаратди. Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам вазият қониқарли эмаслиги айтилди. Масалан, ўтган йил 6 ойида туманда 18 та ҳолатда болалар ўлими юз берган бўлса, жорий йил 6 ойлик якунларига кўра, мазкур кўрсаткич бир неча баробар ошган. Ёшлар билан ишлаш соҳасида ҳам камчиликлар мавжуд.

Жумладан, раҳбарлар ўзига бириктирилган ёшлар билан астойдил ишламаган, уларнинг 77 фоизида муаммолар ҳал этилмаган. Жорий йил бошидан буён аҳолидан 985 та мурожаат келиб тушган бўлса, бунда муаммо ҳал этилмай, қоғозбозлик авж олгани фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, улар кўтараётган масалаларнинг кўпи локал даражада ҳал қилса бўладиган муаммолар.

Туманда ердан фойдаланиш ачинарли аҳволга келган. Мавжуд боғларнинг 67 фоизи яроқсиз ҳолатга келган. Тумандаги фермер хўжаликларининг 74 фоизида бирорта техника йўқ. Ернинг ҳақиқий эгаси далага умуман бормайди, хўжасизлик оддий ҳолга айланган. Туман ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Одилхон Рустамов йўл қўйган бир қатор камчиликлари учун лавозимидан озод қилинган.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Зойир Мирзаев Тошкент тумани ҳокими лавозимига янги номзодни тавсия қилди. Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққанлар, туманда вазиятни яхшилаш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Халқ депутатлари Тошкент тумани Кенгашининг қарори билан Эргашев Сардорбек Қодирович Тошкент тумани ҳокими этиб тайинланди.


У фаолияти давомида Тошкент тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – туман иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
А.Мусаев, ЎзА.