Тошкент спорт майдони Осиё оғир атлетикасининг янги чемпионларини кашф этади
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қитъанинг 29 мамлакатидан келган 300 нафардан ортиқ иқтидорли ёш оғир атлетлар иштирок этаётган нуфузли мусобақанинг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси Шерзод Ҳидоятов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Ҳассан Жалоод, Осиё оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Юсуф Ал-Мана ушбу нуфузли мусобақа янги чемпионларни кашф этиши, янги рекордларга йўл очиши билан аҳамиятли эканлигини айтиб ўтди.
[gallery-30782]
Бугун Тошкент спорт майдонида ғолиблик шоҳсупасига кўтариладиган ёшлар орасидан эртага ўз Ватани байроғини жаҳон ва Олимпия майдонларида баланд кўтарадиган буюк спортчилар етишиб чиқишига тилак билдирилди.
Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Ҳассан Жалоод ўзига Ўзбекистон Республикасининг “Фахрий фуқароси” мақоми тақдим этилганлигига миннатдорлик билдириб, бу юксак эътирофни Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади.
Чемпионатда иштирок этаётган чет эл спорт делегацияларининг вакиллари, мураббийлар, спортчилар Ўзбекистонда спортни, айниқса, болалар ва ёшлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган давлат сиёсати, спорт инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш борасидаги ишларни алоҳида эътироф этди.
Тантанали маросимда миллий ва замонавий санъат уйғунлигидаги саҳна кўринишлари, лазер шоуси, болалар рақслари, миллий рақслар гулдастаси ҳамда халқаро мусиқий композициялар асосидаги чиқишлар мамлакатимизнинг бой маданий мероси ва миллий қадриятларини акс эттирган бадиий дастур хорижлик меҳмонлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб асосий мусобақаларга изн берилди.
Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионати баҳслари 14 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, А.Мамадаминов(сурат) ЎзА