Вазирга сўров юборилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар транспорт вазири И.Маҳкамовга “Глобал транспорт-логистика тармоқларига Ўзбекистон Республикасининг интеграциясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизими самарадорлигини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш, миллий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда транзит салоҳиятини янада ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 53-мақсадида мамлакатимизнинг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизимининг салоҳиятини ошириш бўйича келгусидаги муҳим кўрсаткичлар белгиланган. Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг ташқи савдо юклари энг қисқа йўллар билан асосий жаҳон ва минтақавий бозорларга чиқиши учун самарали ва ишончли муқобил транспорт ва транзит йўлакларини шакллантириш бўйича эътиборли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, соҳада ишларни изчил ташкил этиш ва натижадорликка эришиш борасида айрим камчиликлар ва муаммолар мавжуд. Жумладан, Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Фарғона водийси йўналишларида давлат-хусусий шериклик асосида автомобиль йўлларини қуриш ишлари пайсалга солиб келинмоқда. Ушбу автомобиль йўлларини қуриш лойиҳаси хорижий компанияларга топширилган бўлиб, бу лойиҳалар бугунги кунда ҳам якунига етказилмасдан қолмоқда.
Бундан ташқари, самарадорлиги паст бўлган ҳудудий аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва ишончли бошқарувга бериш ишларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти. Бу борада Қатар, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Германия, Корея ва Аргентина каби давлатларнинг компаниялари билан музокаралар ўтказилган бўлса-да, бирор амалий натижага эришилмаган.
Шундан келиб чиқиб, мажлисда Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Фарғона водийси йўналишларида давлат-хусусий шериклик асосида автомобиль йўлларини қуриш лойиҳаларини якунига етказиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати, самарадорлиги паст бўлган ҳудудий аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва ишончли бошқарувга бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида транспорт вазири И.Маҳкамовга парламент сўрови юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА