Маълумки, юртимизда халқаро талабларга жавоб берадиган Тошкент – Самарқанд ҳамда Тошкент –Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилаётган Тошкент – Самарқанд пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 1,5 миллион евро миқдорида маблағлар ажратилган.
Лойиҳанинг инвестиция олди ҳужжатини ишлаб чиқиш учун ўтказилган тендер натижаларига кўра, “PROYAPI Engineering & Consultany Inc.” (Туркия), “İstanbul PPP Centerof Execellence” (Туркия), “RASCO Group LLC of Hong Kong” (Гонконг) ва “Al Ebdaa Company, CGCE” (Саудия Арабистони) консорциуми ғолиб деб топилиб, 2022 йил сентябрь ойида 1 миллион еврога тенг бўлган шартнома имзоланган.
Мазкур лойиҳа доирасида халқаро стандартларга жавоб берадиган 303 километр узунликдаги автомобиль йўли I-а техник тоифали, 6 тасмали “Автомагистраль” талаблари асосида қурилади. Шунингдек, барча туташма ва иншоотлар устидан янги кўприк ва йўл ўтказгичлар қуриш ҳамда интеллектуал транспорт тизимини ўрнатиш кўзда тутилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан транспорт вазири И.Маҳкамовга юборилган парламент сўровига келган жавобда қайд этилган. Парламент сўровида Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Фарғона йўналишларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида автомобиль йўлларини қуриш лойиҳаларини якунига етказиш ҳамда самарадорлиги паст бўлган ҳудудий аэропортларни ДХШ асосида модернизация қилиш ва ишончли бошқарувга бериш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралганди.
Вазир жавобида қайд этилганидек, бугунги кунга лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилмоқда. Шундан топография, ҳаракат жадаллиги, йўл ҳаракати талабларини таҳлил қилиш, техник тадқиқотлар, бозор таҳлили, нарх ва сифат нисбатини баҳолаш, ҳуқуқий таҳлил ва геология тадқиқот, молиявий таҳлил ва лойиҳалар тузилиши, харажатлар ва олинган фойда таҳлили ишлари якунига етган.
Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида амалга оширилаётган Тошкент –Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асос ҳужжатларини ҳамда лойиҳа доирасида тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер жараёнларини ўтказиш хизматлари учун “Ove Arup and Partners International Limited” (Буюк Британия), “Price water house Coopers Advisory” (Ўзбекистон) ва “CMS Cameron McKenna Nabarro Olswang LLP” (Буюк Британия) консорциум компанияси билан шартнома имзоланган.
Консультантлар томонидан лойиҳанинг техник-иқтисодий асос ҳужжатлари жорий йил 20 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига экспертизадан ўтказиш учун киритилган ва ижобий хулоса олинганидан сўнг тендер савдоларига эълон берилади.
Дастлабки босқичда пуллик автомобиль йўлларини молиялаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича тажрибага эга барча манфаатдорлар рўйхатини шакллантириш мақсадида лойиҳа консультанти таклифига асосан 2024 йил 25 март куни Автомобиль йўллари қўмитаси расмий сайтида эълон жойлаштирилган.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА