Тошкент вилояти Бўка туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси “Маҳалла еттилиги” тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган фуқарога уй-жой шароитини яхшилаш учун мансабдор танишлари орқали 120 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишида кўмаклашиш эвазига 5 млн 200 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Таъкидлаш лозимки, ҳоким ёрдамчиси муқаддам судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навоий вилояти Хатирчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси совун маҳсулоти ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда, мазкур МЧЖ ва туманда фаолият юритувчи хусусий ўқув маркази номига 200 млн сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилишига эришиб, лекин ушбу пул маблағларини ўзига тегишли хусусий корхона ҳисоб рақамига ўтказиш орқали талон-торож қилишган.
Ҳозирда ҳоким ёрдамчиси ва МЧЖ раҳбарига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мажбурий ижро бюросининг Бухоро вилояти Когон туман бўлими мутахассиси бўлимнинг ҳисоб рақамларига келиб тушган пул маблағларини ўз муддатида, тегишлилигига кўра тўғри йўналтирилишини таъминлашга масъул бўлсада, лекин ҳисоб рақамлардаги 321 млн 79 минг сўм пул маблағини ўзига таниш бўлган 4 нафар фуқаронинг пластик карталарига ўтказиш орқали нақдлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракати олиб борилмоқда.
ЎзА