Тошкент минтақавий халқаро таълим форумига мезбонлик қилди
Тошкентда 28 октябрь куни Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўтказилди. Унда минтақа давлатлари вакиллари иштирокида таълим тизимидаги ҳамкорликни кучайтириш ва келажак чақириқларига жавоб бериш масалалари муҳокама қилинди.
Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Покистон таълим соҳаси раҳбарлари, университетлар ректорлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар иштирок этди.
Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Марказий Осиё халқаро таълим форуми иштирокчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг коммуникациялар департаменти раҳбари - Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Тадбирда қайд этилганидек, Марказий Осиё мамлакатларини тарихий ва маданий яқинлик бирлаштиради. Аммо замонавий таълим тизими учун бунинг ўзи кифоя эмас. Ҳамкорлик университетлар ўртасидаги расмий алоқалардан амалий натижаларга кўчиши керак. Талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари, диплом ва малакаларни ўзаро тан олиш, илмий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш — минтақавий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари.
Бу имкониятлар ёшларга қўшни давлатларда ҳам билим ва тажриба орттириш, университетларга эса илмий салоҳиятни бирлаштириш учун шароит яратади. Бироқ ягона таълим маконини шакллантириш фақат меморандумлар имзолаш билан чекланмаслиги лозим. Унинг самараси талабанинг бошқа мамлакатда ўқиган фанлари тан олинишида, тадқиқотчининг қўшма лойиҳада иштирок этиши, университетлар яратган илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишида намоён бўлади.
Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Динара Шеглова минтақада очиқ, жаҳон таълим тизими билан узвий боғланган ва рақобатбардош олий таълим маконини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.
[gallery-32217]
Форумда Туркия Олий таълим кенгаши президенти Эрол Ўзвар минтақавий ҳамкорликни умумий келажакка киритиладиган стратегик сармоя сифатида баҳолади.
— Сунъий интеллект, рақамли трансформация ва яшил тараққиёт иқтисодиёт ҳамда жамият ҳаётини ўзгартирмоқда, — дейди Эрол Ўзвар. — Сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва энергетика билан боғлиқ муаммолар эса мамлакатлардан биргаликда изланиш ва ечим топишни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, қўшма илмий тадқиқотлар алоҳида аҳамиятга эга. Сув ресурсларини бошқариш, барқарор қишлоқ хўжалиги, қайта тикланувчи энергия, тиббиёт технологиялари ва илғор ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорлик нафақат минтақавий эҳтиёжларга жавоб бериши, балки жаҳон илм-фани ривожига ҳам ҳисса қўшиши мумкин. Туркия томони сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва яшил тараққиёт йўналишларида тажриба алмашиш, қўшма ўқув курслари, рақамли таълим ресурслари ва илмий тадқиқот тармоқларини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди. Бу ёндашувнинг аҳамияти шундаки, университетлар фақат билим берувчи муассаса бўлиб қолмасдан, минтақанинг иқтисодий ва ижтимоий муаммоларига ечим топадиган илмий марказларга ҳам айланиши керак.
Форум доирасида фан ва инновациялар, олий таълимда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, шунингдек, таълим сифати, аккредитация ва халқаро рейтинглар масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, “Study in Uzbekistan” кўргазмаси ҳам иштирокчилар томонидан эътироф этилди.
Марказий Осиё университетларида салоҳият ҳам, ҳамкорлик учун имкониятлар ҳам бор. Энди муҳим вазифа — уларни бирлаштириб, халқаро миқёсда тан олинадиган таълим ва илмий натижаларга айлантириш. Зеро, жаҳон билан рақобатлашиш учун фақат билим олиш эмас, янги билим яратиш, уни амалиётга татбиқ этиш ва бу жараёнда биргаликда ҳаракат қилиш ҳам зарур.
Муҳайё Тошқораева,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА мухбирлари