Тошкент метрополитенида янги қулайлик: “Ер усти ҳалқа йўли”да ҳаракат вақти узайтирилди
Тошкент метрополитени йўловчилар учун яна бир қулайликни жорий қилди. Энди “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишида поездлар ҳаракати аввалгидан эртароқ — соат 05:00 дан бошланади. Илгари ушбу йўналишда қатновлар соат 06:00 да йўлга қўйилар эди.
Мазкур ўзгариш йўловчиларга қулайлик яратиш, айниқса эрта тонгда иш ёки ўқишга йўл олувчилар учун янада кенг имкониятлар тақдим этиш мақсадида амалга оширилди.
Шу билан бирга, метрополитеннинг Чилонзор, Ўзбекистон ва Юнусобод йўналишларида ҳаракат тартиби ўзгаришсиз қолмоқда. Ушбу йўналишларда поездлар ҳар куни соат 05:00 дан тунги 00:00 гача хизмат кўрсатмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА