Тошкент метрополитени электрон тўловлар билан боғлиқ айрим муаммоларга изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенида электрон тўловлар билан боғлиқ айрим муаммолар юзага келаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан “Тошкент метрополитени” ДУК “Автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори” акциядорлик жамияти (ATTO) маълумотлари асосида қуйидагиларни маълум қилади:
"Бугунги кунда метрополитен хизматларидан фойдаланиш учун йўловчиларга кенг ва замонавий тўлов имкониятлари яратилган. Хусусан, ATTO ягона транспорт тўлов тизими карталари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи деярли барча банк карталари орқали тўловларни амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, Visa, Mastercard ҳамда China UnionPay каби халқаро тўлов тизимлари орқали ҳам хизматдан эркин фойдаланиш имконияти мавжуд.
Амалдаги тартибга кўра, банк карталари орқали бир вақтнинг ўзида 5 тагача тўловни амалга ошириш мумкин. Ушбу тартиб тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш, хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳамда барча йўловчилар учун қулай ва узлуксиз хизмат кўрсатишни кафолатлаш мақсадида жорий этилган бўлиб, умумий фойдаланиш жараёнига ҳеч қандай тўсқинлик қилмайди.
Шу билан бирга, йўловчилар учун 10 дан ортиқ мобил илова орқали тўлов қилиш имконияти мавжуд. Замонавий ва инновацион ёндашув сифатида барча метро бекатларида кафт орқали (биометрик) тўлов ҳамда юзни аниқлаш орқали тўлов тизимлари ҳам жорий этилган.
Бундан ташқари, барча бекатларда ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконини берувчи инфокиоскалар ўрнатилган бўлиб, улар орқали нақд пул билан ҳам тез ва қулай тарзда тўловларни амалга ошириш мумкин.
“Тошкент метрополитени” ДУК томонидан йўловчиларга қулай, хавфсиз ва замонавий хизмат кўрсатиш устувор вазифа этиб белгиланган бўлиб, мавжуд тизимлар доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА