Alibaba Cloud билан ҳамкорлик маҳаллий AI мутахассисларини тайёрлашга хизмат қилади
Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон сунъий интеллект конференцияси доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов дунёнинг етакчи технологик компанияларидан бири — Alibaba Cloud раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда сунъий интеллект, булутли технологиялар, маълумотларни қайта ишлаш марказлари (Data Center), замонавий рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда юқори малакали IT мутахассисларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Alibaba Cloud вакиллари компаниянинг сунъий интеллект соҳасидаги сўнгги ишланмалари, илғор AI моделлари, булутли хизматлари ва ушбу технологияларни ҳаётнинг турли соҳаларига жорий этиш тажрибаси ҳақида маълумот берди. Улар Ўзбекистонда ёшлар салоҳияти, тез суръатларда ривожланаётган рақамли бозор ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Шерзод Шерматов бугунги кунда мамлакатимизда Alibaba Cloudнинг очиқ сунъий интеллект моделлари ва технологияларидан фойдаланаётган маҳаллий компаниялар сони ортиб бораётганини таъкидлади. Шу билан бирга, инсон капиталини ривожлантириш, маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш ва сунъий интеллект соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим эканини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистонда Data Centerларни ривожлантириш учун яратилган қулай инвестиция муҳити, жумладан, “яшил” энергия асосидаги инфратузилма имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Томонлар мамлакатда сунъий интеллект инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш, маҳаллий дастурчилар ва корхоналар учун замонавий AI платформалари имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, UZINFOCOM ва UNICON-SOFT муҳандислик жамоалари билан ҳамкорликда янги авлод мутахассисларини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.
Айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муҳим тармоқларда сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий эта оладиган муҳандислар жамоасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш, давлат идоралари ва бизнес эҳтиёжларига мос сунъий интеллект ечимларини яратиш ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Учрашув якунида лойиҳаларни Сунъий интеллектни ривожлантириш маркази мувофиқлаштирувида амалий босқичга олиб чиқиш, техник жамоалар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда дастлабки натижаларни жорий йил сентябрь ойида ўтказиладиган ICT Week Uzbekistan доирасида намойиш этиш режалаштирилди.
Бундан ташқари, иқтисодиётнинг турли тармоқларида сунъий интеллект агентлари ва амалий AI ечимларини жорий этиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА