Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди. Унда қайд этилишича, марказда электр ва иссиқлик энергияси мазут ёқилғисидан эмас, аксинча, фақат табиий газ асосида ишлайдиган замонавий қурилмалар орқали ишлаб чиқарилмоқда.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан 2024 йилда мазкур марказда умумий қуввати 64 МВт бўлган янги газ-турбиналари ишга туширилган. Ушбу қурилмалар орқали йилига 515 миллион кВт⋅соат электр ва 630 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, пойтахт аҳолиси ва иқтисодиёти эҳтиёжлари қондирилмоқда.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини яхшилаш ва экологик хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Марказда ўрнатилган 3 та замонавий газ-турбинали қурилмада махсус экопостлар ишлаб турибди. Улар орқали атмосферага чиқарилаётган газлар доимий равишда мониторинг маркази назоратида таҳлил қилинади.
Энергетика соҳасида халқаро ҳамкорлик доирасида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ва Туркиянинг "Iltekno” компанияси билан ҳамкорликда Чилонзор, Олмазор ва Сергели туманларида замонавий когенерация марказлари бунёд этилди. Ушбу иншоотларда сўнгги авлод технологиялари жорий қилиниб, паст босимдаги табиий газдан ҳам самарали фойдаланиш имконияти яратилган. Бу эса электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш жараёнини янада самарали ва экологик хавфсиз қилишга хизмат қилмоқда.
Яна шундай замонавий қурилмалар Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Учтепа, Миробод, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларида ҳам жорий этилиши белгиланган.
Марказ Тошкент шаҳрининг ўзида жойлашгани боис, шаҳар экологияси ва кўркини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 2025 йилнинг ўзидаёқ 5 минг туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди, дейилади хабарда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА