Тошкент “GEOMIN-2026” халқаро конференциясига мезбонлик қилади
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бўлим бошлиғи Нафиса Дўлабова иштирокида брифинг ўтказилди. Унда кон-геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тармоқнинг инвестициявий салоҳияти ҳамда Тошкентда ўтказиладиган “GEOMIN-2026” халқаро конференциясига тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра, сўнгги йилларда кон-геология соҳасини модернизация қилиш, тармоққа бозор механизмларини жорий этиш ва инвестицияларни жалб қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Бунда замонавий технологияларни жорий этиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 14-18 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Сунъий интеллект ва рақамли трансформация орқали геология қидирув ишларини янги босқичга олиб чиқиш” шиори остида “GEOMIN-2026” халқаро конференцияси бўлиб ўтади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Халқаро геофизиклар жамияти (SEG) ҳамкорлигида ташкил этилаётган анжуман Марказий Осиёда биринчи марта Ўзбекистонда ўтказилади. Бу мамлакатимизнинг критик минераллар салоҳияти, юқори технологиялар, энергетика ва саноат учун стратегик аҳамиятини халқаро майдонда янада кенг намоён этиш имконини беради.
Саудия Арабистонидаги муваффақиятли тадбирдан сўнг “GEOMIN” форумининг навбатдаги манзили сифатида Тошкентнинг танланиши Ўзбекистонда кон-геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро ҳамжамият қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
Конференция дастуридан муҳим минераллар ва стратегик ресурслар, фойдали қазилмаларни қидиришда геофизик усуллар, рақамли трансформация, маълумотлар таҳлили, кончиликда сунъий интеллектдан фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган мавзулар ўрин олган.
Анжуман доирасида ер қаърини ўрганишда сунъий интеллект ва катта маълумотлар (Big Data) имкониятларидан фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажриба муҳокама қилинади. Шунингдек, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнида стратегик аҳамият касб этаётган литий, мис, уран ва бошқа критик минералларни қидириш, уларни чуқур қайта ишлаш ҳамда қиймат занжирини шакллантириш масалаларига эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, кон-геология соҳасига замонавий ESG стандартларини жорий этиш ва миллий минерал захираларни халқаро JORC тизимига ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, “GEOMIN-2026” нафақат илмий ва экспертлар мулоқоти учун майдон, балки Ўзбекистон иқтисодиётига янги инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилишга хизмат қиладиган амалий платформа бўлади. Анжуман давомида қатор йирик халқаро компаниялар билан стратегик келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Айни пайтда конференциянинг расмий сайтидаги маълумотларга кўра, дунёнинг 26 та давлатидан 70 дан ортиқ компания ва 350 дан зиёд иштирокчи рўйхатдан ўтган. Дастлабки дастурдан 3 та панел муҳокамаси, 25 та техник сессия, 34 та маъруза ҳамда 100 дан ортиқ тақдимот ўрин олган.
Конференцияда иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтиш 20 август куни якунланган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА