Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2023 йил 11 апрель куни «Ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари» юзасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва қобилиятларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг 2024 йилги мавсумини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида» 2024 йил 16 февралдаги 28-сонли йиғилиш баёнида белгиланган топшириқлар ижроси таъминлаш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида талаба-ёшлар ўртасида оммавий спорт турларини кенг тарғиб қилиш, талаба-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда спорт тадбирларини юқори савияда ўтказиш ва уларни спорт билан шуғулланишлари учун зарурий шароит яратиб бериш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2024/2025 ўқув учун «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида университет талабалари ўртасида «Талабалар лигаси» спорт мусобақаларининг навбатдаги мавсуми очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, ТДИУ ректори Тўлқин Тешабаев, 2024 йилги Париж паралимпиясида ғолиби ҳамда рекордчиси ва университет битирувчиси Асила Мирзаёрова, профессор-ўқитувчилар, спортчи талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг кириш қисмида сўзга чиққан вазир К.Шарипов мазкур «Талабалар лигаси» спорт мусобақалари келгусида жаҳон ареналарида мамлакатимиз байроғини энг юқориларга кўтарадиган спортчилар етишиб чиқишида муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, университет ректори Т.Тешабаев Паралимпияда чемпиони ва университет битирувчиси А.Мирзаёровага эсдалик совғаларини топширди.
– Мен мана шундай нуфузли олийгоҳда ўқиганимдан фахрланаман ва мени қўллаб-қувватлаб турган барча устозларга раҳмат айтаман, – деди чемпион А.Мирзаёрова.
Спорт — бу соғлом ижтимоий-сиёсий муҳитни татбиқ этишнинг энг яхши воситаси. Айниқса ёшлар орасида бу муҳим аҳамият касб этади. Бугун Ўзбекистонда спорт – таълим ва тарбиянинг ажралмас бўлаги десак ҳам асло муболаға бўлмайди. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани кейинги йилларда оммавий спорт тадбирларини, мана шундай ёшлар орасидаги мусобақаларни ўтказишга кенг йўл очмоқда. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида старт олган мазкур спорт тадбирларининг навбатдаги мавсуми талаба-ёшларнинг спортдаги кенг имкониятларини кашф этишда алоҳида ўрин тутади.
Тадбирда иштирок этган элимиз суйган санъаткорлар иштирокидаги чиқишлар талаба-ёшларга ўзгача кайфият ва руҳ бағишлади.
ЎзА