Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида реконструкциянинг навбатдаги босқичи якунланди. Бу эса аэропорт терминалини кенгайтириш имконини берди. Хусусан, ўтган 2021 йилдан ҳозирги кунга қадар халқаро авиақатновлар терминалининг майдони 45 минг квадрат метрдан 65 минг квадрат метргача кенгайтирилди.
Янгиланган учиш залининг очилиши доирасида журналистлар, блогерлар ва авиаспоттерлар учун матбуот анжумани ва пресс-тур ўтказилди. Матбуот анжуманида “Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев, транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев, Тошкент аэропорти директори Жасур Пўлатов ва “Uzbekistan Airport Handling” компанияси директори Тимур Халиловлар иштирок этди.
Айни пайтда учиб кетиш терминалида майдони 2 минг 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган кенг зал қурилган бўлиб, ундан йўловчилар рўйхатдан ўтиш жойига лифтлар ёки эскалаторлар орқали чиқиши мумкин. Зал ва асосий терминал биноси ўртасида ўриндиқли кичик яшил майдон мавжуд. Кейинчалик, учиб кетиш терминалининг иккинчи қаватида шаҳарга қарайдиган деярли 2 минг 200 квадрат метр майдонга эга яна бир очиқ терасса пайдо бўлади. Ҳар иккала терасса ҳам йўловчилар, ҳам кузатувчи ва кутиб олувчилар учун очиқ бўлади.
Залнинг ўзида йўловчилар ва кузатувчилар дастлабки текширувдан ўтадилар (багажлар сканерга жойлаштирилади, одамлар аркали металл детектордан ўтади) ва баъзи хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, залда кичик ҳайвонларни (айниқса мушукларни) текшириш имконияти мавжуд. Йўловчилар уларни алоҳида хонага олиб боришлари, у ерда тўрт оёқли ҳамроҳларини стресс ҳолатга туширмасдан контейнердан олиб, аэропорт ходимига текширувни амалга ошириш учун бериши мумкин.
Аэропорт майдонининг катталашишига терминал биносини олдинга, тўхташ жойи томон кенгайтириш орқали эришилди. Шу муносабат билан аэропортга кириш тизими ҳам ўзгарди: учиб кетиш терминали олдида энди панжаралар йўқ, транспорт воситалари эса бинонинг ёнигача кириб боради. Айтиш жоизки, мамлакат ЙҲХХ тизимлари билан интеграциялашган йўл камералари терминалнинг кириш йўлагига ўрнатилган. Тизим автоматик равишда ишлайди: кириш линиясида рухсат этилган тўхташ вақтидан ошиб кетган автомобиль эгаларига автоматик равишда жарима билдиришномаси юборилади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, терминалга қисқа муддатли кириш барча енгил автомобиллар, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар учун 10 дақиқагача этиб белгиланган.
2023 йилда пойтахт аэропортида 6,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатилган бўлиб, ҳозирда “Тошкент” аэропорти халқаро терминалининг ўтказиш қобилияти йилига 7 миллион нафар йўловчини ташкил этади. Жорий йилда йўловчи ташиш ҳажми 8 миллиондан ортиқ бўлиши кутилмоқда. 2026 йилда барча реконструкция босқичлари тугатилгандан сўнг терминал топширилиши режалаштирилган. Қурилиш тугаллангач, аэропортнинг ўтказиш қобилияти йилига 13 миллион йўловчига етказилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА