Тўрткўлда байрам сайли
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Яшнобод” маҳалла фуқаролар йиғинида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан байрам сайли ташкил этилди. Тадбир давомида миллий қадриятларимиз ва баҳорий анъаналаримиз қайта жонланди.
Хусусан, маҳалланинг фаол кўчабошилари ва кайвони онахонлари бошчилигида эзгу ниятлар билан катта қозонларда сумалак пиширилди. Онахонлар, келинчаклар томонидан тайёрланган баҳорий таомлар ва пишириқлар байрам дастурхонига ўзгача файз бағишлади. Турли миллат вакиллари иштирокида “Келин салом”, “Лачак ўраш” каби маросимлар намойиш этилди. Момоларимиз томонидан ижро этилган аллалар эса йиғилганларга ўзгача руҳ бағишлади.



Тадбирда сўзга чиққанлар маҳалла аҳлини янгиланиш ва яшариш айёми билан самимий муборакбод этди. Тадбир миллий мусиқа садолари, қўшиқлар ва жозибали рақслар ижро этил. Тадбир якунида миллий таомлар кўргазмасида фаол иштирок этган фаоллар рағбатлантирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.