Давлат солиқ қўмитаси Раиси раҳбарлигида қўмитанинг навбатдаги Ҳайъат мажлиси ўтказилди.
Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда марказий аппарат тузилма раҳбарлари, ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари бошлиқлари телекоммуникасия воситалари орқали иштирок этди.
Йиғилишда йирик солиқ тўловчиларга (Навоий ва Олмалиқ КМК) фойда ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлари ставкасининг пасайтирилганлиги, амортизация ажратмалари нормалари – ўртача 2 баробарга, 1 марталик инвестициявий чегирма миқдори – 2 баробарга, фаолият натижасида кўрилган ва келгуси даврга ўтказиладиган зарарларнинг чекланган миқдори жорий солиқ даври солиқ базасининг 60 фоизидан 100 фоизигача оширилганига қарамай, январь-октябрь ойларида бюджетга 123,8 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 трлн сўмга кўп солиқ тушумари таъминлангани ва ҳудудий давлат солиқ бошқармаларида тушумларнинг ўсиши 33 фоизга етгани қайд этилди.
Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 140 фоиз, ҚҚС 133 фоиз ва фойда солиғи тушумлари (Навоий ва Олмалиқ КМКларидан ташқари) 156 фоизга ўсганлиги кўрсатилиб, йил якунигача ушбу ўсиш даражасини сақлаб қолиш манбалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда бюджетга қўшимча даромадларни жалб этиш, ҚҚС манфий суммаларни қоплаб бериш бўйича тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда сансоларликка йўл қўйилаётгани ҳамда солиқ органлари томонидан мавжуд рақамлаштириш янги инструментлари орқали етиштирилган пахта ҳосилни ҳисобини юритиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солишда қишлоқ хўжалиги корхоналарига етарлича кўмаклашилмаётганлиги танқидий кўриб чиқилди.
Йўл қўйган жиддий хато камчиликлари учун Фарғона, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ДСБларининг 4 нафар масъуллари махсус унвонларидан маҳрум этилиб, улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. Шунингдек, 4 та раҳбар ва масъулларнинг интизомий жавобгарликлари кўриб чиқилди.
Йиғилиш сўнгида, солиқ тушумлари бўйича жорий йилнинг ИВ чораги ва йиллик прогноз кўрсаткичларини барча солиқ турлари бўйича сифатли равишда сўзсиз таъминлаш ва қўшимча даромадларни жалб этиш борасида маъсулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ш. Маматуропова, ЎзА