Тўрт эгизакли ходимга уй совға қилинди
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир соҳа қатори ички ишлар органлари тизимида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Айниқса, ходимларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда ижтимоий рағбатлантириш, фарзандларининг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш тизими мутлақо янги босқичга кўтарилди.


Ана шундай чексиз ғамхўрлик ва юксак эътиборнинг навбатдаги ҳаётий тасдиғи Тошкент вилоят ички ишлар бош бошқармасида хизмат қилаётган ходимнинг хонадонига қувонч ва бахт бўлиб кирди.

Тошкент вилоят ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Йўл-патруль хизмати батальони видеокузатув гуруҳи кичик инспектор-оператори сафдор Одилжон Абдуллаевнинг хонадонида унутилмас, тарихий воқеа юз берди — қаҳрамонимиз бир йўла 4 нафар эгизак фарзанднинг отасига айланди. Бу нафақат бир оиланинг, балки бутун тизимнинг қувончига сабаб бўлди.

Фарзандлар дунёга келиши муносабати билан, бахтиёр оилага Ички ишлар вазирлиги томонидан янги, замонавий 3 хонали хонадон совға қилинди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда тизимда фаолият юритаётган масъуллар, вилоят фаоллари, фахрийлар қатнашди. Барча бу ёш оилага яхши тилаклар билдирди.
Таъкидлаш лозимки, тизимда яратилган шароитлар туфайли ходимга кўрсатилган бундай эътибор ва кутилмаган туҳфа юрт осойишталиги йўлида туну кун хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг кўнглида давлатга, Ватанга ва касбига бўлган садоқатини янада мустаҳкамлайди.
А. Мусаев, ЎзА