Халқимизнинг улуғ сиймоларини ёд этиш, улар қолдирган бой меросни қадрлаш ва келажак авлодга етказиш ҳар бир маърифатпарвар жамиятнинг муқаддас бурчидир.
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида “Тўра Сулаймон замондошлари хотирасида” номли китоб тақдимоти ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 июндаги қарорига асосан ташкил этилган Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг Турғун Аҳмедов маҳалласида жойлашган уй-музейида бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздаги таниқли ёзувчи ва шоирлар, филолог олимлар, ижодкорлар, санъат ва таълим соҳаси вакиллари, шоирнинг фарзандлари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида меҳмонлар томонидан шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, унинг руҳига эҳтиром кўрсатилди.
“Кетма, баҳор, менинг боғимдан” номли маданий-маърифий кечада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, профессор Адҳамбек Алимбеков, шоира Муҳтарама Улуғова, шоира Норинисо Қосимова, профессор Равшанбек Маҳмудов, сенатор Покиза Ахмеджанова ва бошқалар сўзга чиқиб, Тўра Сулаймоннинг ижодий фаолияти ва адабиётга қўшган ҳиссаси ҳақида самимий фикрларини билдирди.
[gallery-23062]
–Тўра Сулаймон ўзбек адабиёти ва маънавий тараққиётига улкан ҳисса қўшган забардаст шоир, кенг ҳаёт тажрибасига эга маърифатпарвар зиёли эди. Унинг адабий ва илмий мероси юртимиз ёшлари учун муҳим маънавий бойликдир,–дейди тадбирда сўзга чиққан профессор Равшанбек Маҳмудов.
Шоирнинг қизи Юлдуз Бегалиева отаси ҳақидаги хотираларини эслади.
–Бугунги тадбир эсда қоладиган бўлди. Унда отам ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Тўра Сулаймон замондошлари хотирасида” китоби тақдимоти ўтказилди. Қувонарлиси, ушбу китобда отамни кўрганлар, отам билан бирга юрган шогирдлари, ҳатто устозлари Зулфияхоним ва Асқар Мухторларнинг фикрлари жой олган. Шу билан бирга, отамни кўрмаган бўлса-да, у кишининг ижодига бефарқ бўлмаган ижодкорлар ва менинг ҳам хотираларим китобда ўз аксини топган. Ўйлайманки, бу китоб халқимиз томонидан ардоқлаб, муҳаббат билан ўқиладиган китоблардан бирига айланиб қолади,–деди у.
Тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан 200 дона ва Равшанбек Маҳмудовнинг кечагина чоп этилган "Гӯзалликка ишора бӯстонга ошиқлигим" китоби уй-музей кутубхонасига совға қилинди.
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари тайёрлаган назмий гулдаста, Гулистон давлат университети доценти Абдураҳим Султонов ижросидаги қўшиқлар, Сирдарё вилоят мақомчилар гуруҳининг куй ва ашулалари тадбирга файз бағишлади.
Йиғилганлар Тўра Сулаймон уй-музейини адабий-маърифий анжуманлар марказига айлантириш зарурлигини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири