Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигида секторлар раҳбарлари Шўрчи туманидаги 67-умумтаълим мактабида оммавий сайёр қабул ўтказди.
Унда Президентимизнинг вилоят ва тумандаги Халқ қабулхонаси, секторлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, мурожаатчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўнгги йилларда барча даражадаги раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотга киришиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни тинглаётгани айниқса, сайёр қабуллар орқали мурожаатчилар билан юзма-юз суҳбатлашиб, улар ўртага ташлаётган масалаларнинг ечимини топаётгани одамларнинг оғирини енгил, мушкулини осон ҳал этишга кўмаклашмоқда. Эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаётир. Лекин, айрим фуқаролар ўртага ташлаган масала ҳал этиб берилган бўлса ҳам ўша масалада такрор мурожаат этаётгани ажабланарлидир.
[gallery-313]
–Баъзи фуқароларнинг аввалги сайёр қабулларда мурожаатини тинглаб, ечимини топиб берган бўлсак-да, уларнинг ижтимоий ёрдам сўраб, қайта мурожаат этаётгани кузатилмоқда, – деди вилоят ҳокими Тўра Боболов. – Мана, бугун ҳам бундан аввалги қабулларимизда ёрдам кўрсатилган айрим инсонлар шу масала билан такрор келганига нима дейсиз? Бундай "хумор" уларни боқиманда қилиб ташламаяптими? Иккинчидан, биз раҳбарлар мурожаатларни ечиб бераяпмиз. Бироқ, баъзи одамлар ҳали мурожаатим ҳал этиб берилмади, дея гап тарқатиб юрибди. Буни қандай тушуниш мумкин?
Маълумотларга кўра, айни пайтда Шўрчи тумани мурожаатлар бўйича учинчи ўринда. Мазкур оммавий қабул ҳам шундан келиб чиқиб ташкил этилди.
Сайёр қабулда аҳоли мурожаатини мазмунан тезкор кўриб чиқиш, ижобий ҳал этиш учун уларни вилоят ҳокими Т.Боболов, вилоят прокурори С.Турдиев, ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Исмоилов, давлат солиқ бошқармаси бошлиғи С.Эшматов, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи О.Ҳақназаров, Ўзбекистон Миллий гвардияси вилоят бўйича бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари қабул қилди.
"Кўклам" маҳалласида яшайдиган Б. Орипов ва ўғиллари Алижон ҳамда Шоҳрухлар тадбиркорлик билан шуғулланади. Улар Россияда яхта ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат қилиб, янада кўпроқ ҳунарга эга бўлган. Эндиликда Самарқанд шаҳридаги "Исузи" юк машиналари корхонасидан козерок, буфер каби эҳтиёт қисмларга буюртма олиб, тайёрлаб беришни йўлга қўйган. Шунингдек, Жиззах вилоятидан балиқ парваришлаш учун беш тонна сув сиғимли сунъий ҳовузча ясаб бериш учун ҳам буюртма тушган.
– Бунинг учун бизга стеклавата ва смола маҳсулотлари керак, – дейди Ш.Орипов. – Тижорат банкидан ўттиз миллион сўм кредит маблағи сўраган эдик. Негадир кредитни ажратиш муддати чўзилиб кетмоқда. Шу масалада ёрдам сўраб келдик.
Ота-бола тадбиркорларнинг бу мурожаати Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси назоратида ҳал этиладиган бўлди.
Ушбу сайёр қабулнинг яна бир аҳамиятли жиҳати одамлар дуч келаётган айрим муаммоларни халқ номидан маҳалла раислари ва маҳаллий кенгаш депутатлари ўртага ташлади. Масалан, Оқтумшуқ маҳалласи раиси ҳудуддаги кам таъминланган қатор оила томарқасида ихчам иссиқхона учун маблағ сўраётгани ва шу мақсадда субсидия ажратилишига ёрдам кўрсатишни таклиф этди. Кушон маҳалласи раиси Б. Давлатов маҳалладаги артезиан қудуқ сувининг таьми ўзгариб қолгани учун аҳоли уни тозалашга кўмаклашиш масаласини ўртага ташлаётганини маьлум қилди.
Кушон маҳалласида 3 минг 198 киши яшайди. Улар иккита артезиан қудуқ сувидан истеъмол қилади.
–Бир гуруҳ маҳалладошим артезиан қудуқдан кўчага қувур тортиш масаласида кўмак сўрамоқда, – дейди туман кенгаши депутати А.Қудратов. – Чунки ичимлик сувни артезиан қудуқдан ташиб, ичмоқда. Бу айниқса, ёғингарчилик кунларда кўпчиликни мушкул аҳволга қўймоқда. Бу масалани ҳал этиш учун кўп эмас, 2 минг 400 метр қувур тортиб, сувни аҳоли хонадонигача олиб бориш керак. Аҳоли мендан сайёр қабулга шу муаммони етказишни сўради.
Аҳолининг ичимлик сув билан боғлиқ иккита масаласи ҳам «Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўрганилиб, ижобий ечим топадиган бўлди.
Оммавий сайёр қабулда 150 га яқин фуқаронинг 200 дан зиёд мурожаати тингланди. Уларнинг 57 таси жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ечими вақт талаб қилгани учун аниқ муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА